ИИВ ЙҲХББ ижтимоий тармоқда ҳайдовчи орқа томондаги давлат рақам белгиси бўлмаган, олдинги томонида эса 70005DAV давлат рақам белгиси бўлган Trailblazer автомобили ҳаракатланиб кетаётгани акс этган видео юзасидан изоҳ берди.

Видео Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилганда, ушбу автомобиль ён ойналарининг туси тегишли рухсатномасиз қорайтирилганлиги ҳам аниқланган.

Автомобиль ҳайдовчиси, 1976 йилда туғилган Э.Т.га нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бешинчи қисми ҳамда 126-моддаси (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ушбу транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликларнинг шахсан бириктирилган ва навбатчи хизмат автотранспорт воситаларига бериладиган DAV турига мансуб давлат рақами жорий этилган.

Nasafnews 27 июнь куни орқа томонида давлат рақами бўлмаган Trailblazer автомобили видеосини эълон қилиб, йил бошида худди шу машина светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, машина Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосарига берилган.