Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятнинг барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётганини ҳисобга олиб, фавқулодда ҳолат режимини юмшатишга оид фармонни имзолади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унга кўра, комендантлик соатининг амал қилиш вақти «соат 21 дан соат 7 га қадар» ўрнига «соат 23 дан соат 5 га қадар» этиб белгиланмоқда.

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги 2 июлдаги президент фармонига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармон давлат раҳбари томонидан имзоланди ва Олий Мажлис палаталарига тасдиқлаш учун йўлланди.

Қорақалпоғистон аҳолиси хабар беришича, чоршанба куни кечки пайт республикада рўйхатдан ўтган мобил алоқа абонентлари комендантлик соати ўзгарганлиги ҳақида SMS хабарнома олишган. Эслатиб ўтамиз, ҳудудда ҳануз интернетга кириш чекланган.