Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэга 8 июль куни Нара шаҳрида сиёсий нутқ сўзлаётган чоғида уюштирилган суиқасд оқибатида вафот этди, деб хабар берди Япониянинг NHK телеканали.

Номаълум шахс 67 ёшли сиёсатчи парламент сайловлари кампанияси чоғида ўтказилган митингда нутқ сўзлаётганида унинг кўкрагига ўқ узган. Шундан сўнг Синдзо Абэ ҳушидан кетган ва касалхонага ётқизилган эди.

Полиция томонидан гумонланувчи қўлга олинган. У Нара шаҳрида яшовчи 41 ёшли фуқаро эканлиги маълум бўлди. Nikkei нашрининг ёзишича, у ов милтиғи билан сиёсатчининг орқа қисмига ўқ узган.

Синдзо Абэ 2006−2007 ва 2012−2020 йилларда Либерал-демократик партиядан бош вазир лавозимида ишлаган. Бу Япония тарихидаги ҳукумат раҳбари лавозимидаги энг узоқ муддатдир. Собиқ сиёсатчи 2020 йилнинг август ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқди.

Абэ Ўзбекистонга 2015 йил октябрь ойида ташриф буюрганди. У ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкентда реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг очилишида қатнашганди.