Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэга 8 июль куни Нара шаҳрида сиёсий нутқ сўзлаётган чоғида суиқасд қилинди, дея хабар берди Japan News. Номаълум шахс 67 ёшли сиёсатчи кўчада гапираётганида унинг кўкрагига ўқ узган. Воқеа гувоҳи бўлган журналист иккита ўқ овозини эшитганини айтди. Шинзо Абэ ҳушидан кетган ва касалхонага ётқизилган.

Полиция гумонланувчини қўлга олди. У мана шу шаҳарда яшовчи 41 ёшли фуқаро эканлиги маълум бўлди. Nikkei нашрининг ёзишича, у ов милтиғи билан сиёсатчининг орқа қисмига ўқ узган.

Синдзо Абэ парламент сайловлари кампанияси чоғида ўтказилган митингда нутқ сўзлаган эди.

У 2006−2007 ва 2012−2020 йилларда Либерал-демократик партиядан бош вазир лавозимида ишлаган. Бу Япония тарихидаги ҳукумат раҳбари лавозимидаги энг узоқ муддатдир. Собиқ сиёсатчи 2020 йилнинг август ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқди.

Синдзо Абэ Ўзбекистонга 2015 йил октябрь ойида ташриф буюрганди. У ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкентда реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг очилишида қатнашганди.