Японияда энг узоқ муддат бош вазир бўлган Синдзо Абэ соғлиғи ёмонлашгани сабабли истеъфога чиқди, дея хабар берди Reuters. Бу ҳақда унинг ўзи 28 август куни бўлиб ўтган пресс-конференцияда эълон қилди.

Абэ бир неча йилдан буён йўғон ичак яллиғланиши билан курашиб келмоқда ва охирги ҳафта давомида касалхонага икки марта ташриф буюрган. Унинг бу лавозимдаги муддати 2021 йилнинг сентябригача мўлжалланган эди.

Энди унинг ўрнига ким ушбу лавозимни эгаллашини мамлакатда ҳукмрон бўлган Либерал-демократлар партияси ҳал қилади. Партияда ЛДП сиёсий тадқиқотлар кенгаши раиси Фумио Кишида, мамлакат вазирлар маҳкамаси бош котиби Ёсихиде Суга ва собиқ бош котиб Сигеру Исиба катта машҳурликка эга.

Абэ, шунингдек, ЛДП нинг президенти ҳисобланади ва у ҳоқимият тепасига 2012 йилда партиянинг катта ғалабасидан кейин қайтган эди.

Бу давр давомида Абэ мамлакат иқтисодиётининг ўсишида, мудофаани кучайтириш ва унинг глобал обрўсини ошириш мақсадида катта ишларни амалга оширди.

Маълумот учун, 24 август куни Абэ энг узоқ муддат Бош вазир лавозимида фаолият юритиш бўйича ўзининг аждоди Эйсаку Сатонинг ярим аср олдинги рекдордини янгилаган эди.