Тошкентда 25 октябрь куни реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг очилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Шиндзо Абэ иштирок этди, хабар қилди ЎзА.

Театр биноси 1947 йилда барпо этилган бўлиб, у миллий меъморлик санъатининг ғоят бетакрор ва гўзал намунаси, халқимизнинг бебаҳо маданий мулки саналади.

Театр биносида ва унга туташ ҳудудда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида мазкур санъат кошонаси янгича кўриниш ва тароват касб этди. Театр биносининг иситиш, совутиш, ҳаво мўътадиллигини сақлаш, муҳандислик-коммуникация тизими тўлиқ янгиланди.

Реконструкция ишларини амалга оширишда моҳир наққош, мусаввир ва усталар яратган ижод намуналарини, деворий суратлар, бетакрор композицияларни асл ҳолича сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди.

736 томошабинга мўлжалланган залда ўриндиқлар шу тарзда ўрнатилганки, унинг исталган бурчагидан спектаклни бемалол томоша қилиш имконияти мавжуд. Залдаги визуал, акустик эффектлар, энг замонавий ёритиш ва овоз ускуналари саҳнадаги ижродан тўла баҳра олиш имконини беради.

Театрнинг очилиши маросимида ўзбек ва жаҳон мумтоз композиторлари опера ва балетларидан парчалар ижро этилди.