Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги айрим ОАВ ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар томонидан «номаълум манбаларга таянган ҳолда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва асоссиз хабарлар» муҳокама қилинаётганига изоҳ берди.

Вазирликнинг фикрича, гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали «тинч митингни тарқатиш», жумладан фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали «мустақил овозларни ёпиш ва ахборотни оқимини тўсиш» ҳақида асоссиз баёнотлар берилмоқда.

Шу муносабат билан вазирлик «Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан аниқлик киритиб, бу борада батафсил ва холис ахборот тақдим этди».

«2022 йил 1−2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравон ҳаракатлар, отишмалар ва куч билан эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди», — дейилади хабарда.

ТИВ маълумотларига кўра, ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачиликни, нобарқарорликни ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди.

«Популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, душман кайфиятдаги кучлар фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар. Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди», — дея қайд этди вазирлик.

Таъкидланишича, оммавий вайронгарчиликлар ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгеси (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга қатор бор уринишлар кузатилган.

Бундан ташқари, ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олганлар, жумладан улардан 23 нафари оғир аҳволда қолмоқдалар. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги жароҳатлар олган.

«Тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши мумкин эмас эди», — дейилади баёнотда.

Вазирлик ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида 18 киши вафот этганини эслатиб, тажовузларнинг фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат бўлганини таъкидлади.

«Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятни куч билан қўлга киритиш, айирмачилик ғояларини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро нафратни қўзғатиш, оммавий тартибсизликлар ва зўравонликка чорлашга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди. Амалга оширилган чора-тадбирлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг оқилона хатти-ҳаракатлари туфайли ноқонуний тадбирларга чек қўйилди», — дея қайд этди ТИВ.

Таъкидланишича, айни пайтда Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ва адолатли суд ишларини юритиш кафолатларини таъминлаш тарафдоридир. Тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотлар эътиборига етказилади.

«Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар ҳуқуқий тартиб-қоидалар доирасида амалга оширилмоқда ҳамда биринчи навбатда инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдидларга йўл қўймасликка қаратилган, — дейилади баёнотда. — Бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр, газ ва сув мунтазам равишда етказиб берилмоқда».

Ўзбекистон тегишли давлат органлари ҳар куни жамоатчиликни Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида хабардор қилиб бормоқда. Шу муносабат билан мазкур мавзу юзасидан маълумотларнинг йўқлиги ҳақидаги баёнотлар асоссиздир.

«Ҳеч бир куч Ўзбекистон Республикасига демократик ислоҳотларни изчил давом эттиришга, ҳар бир фуқаронинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ва манфаатларига ғамхўрлик қиладиган инсонпарвар, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлашга ишонч билан ҳаракат қилишига тўсқинлик қила олмайди», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ТИВ барча ОАВ ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларни Қорақалпоғистондаги воқеаларга холисона ёндашишга, турли хил ишончсиз манбалар асосида бир томонлама, шошилинч хулосалар қилмасликка ва баёнотлар чиқармаликка чақирди.

4 июль куни Миллий гвардия ва Бош прокуратура 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган тартибсизликлар натижасида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши, жумладан, 38 ҳуқуқ-тартибот идораси ходими жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. 149 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган. 94 киши, жумладан, оғир яраланганлар шифохоналарда қолган.

«Газета.uz» фавқулодда ҳолат жорий этилган Қорақалпоғистонда бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида интернет фаолияти чеклангани, кўплаб терминаллар, банкоматлар ишламай қолгани, давлат ва бошқа хизматлар кўрсатилмаётгани ҳақида маълум қилган эди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет Қорақалпоғистондаги воқеаларни шаффоф ва мустақил тергов қилиш зарурлигини таъкидлаб, интернетга киришни чекламасликка чақирди.