5 июль куни Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги протоколлари икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳамда альянсга аъзо 30 давлат элчилари томонидан имзоланди. Аввалроқ, июнь ойи охирида Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммитида бу икки давлат аъзо бўлиш учун расмий таклиф олган ҳамда ўзаро муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия билан уч томонлама меморандум имзолаган эди.

Ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндия аъзолигини ратификация қилиш жараёни бошланганини маълум қилди. У барча иттифоқчилар миллий тартиб-қоидаларига мувофиқ аъзоликни тезда ратификация қилишига умид қилишини таъкидлади.

Ҳозирда ушбу давлатлар «таклиф этилган» мақомига эга бўлиб, муҳокамаларда иштирок этади, деди альянс раҳбари. «Бугун альянс НАТО эшиклари очиқ эканлигини яна бир бор намойиш этди. НАТО бир неча ўн йиллар давомида бутун Европада тинчлик, барқарорлик ва демократияни мустаҳкамлаб, катта муваффақиятга эришди», — деди Столтенберг.

Финляндия ва Швеция ўзларининг хавфсизликни таъминлашга қаратилган ёндашувларини қайта кўриб чиқиб, май ойида аъзолик учун ариза топширган эди. «Бизнинг 200 йиллик ҳарбий [ҳаракатларга] қўшилмаслик сиёсатимиз Швецияга яхши хизмат қилди, аммо савол шундаки, ҳарбий бетарафлик келажакда бизга яхши хизмат қила оладими? Россиянинг Украинага сабабсиз бостириб кириши нафақат ноқонуний ва асоссиз, балки Швеция ўз хавфсизлигини таъминлаётган Европа хавфсизлиги тартибини ҳам бузмоқда», деган эди Швеция бош вазири Магдалена Андерссон ўшанда.