Ўзбекистон ҳукумати 2022−2026-йилларда Қорақалпоғистон ҳудудларини комлекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тасдиқлади.

Дастурда 2022 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий вазифалар белгиланган бўлиб, унга кўра Туркманистон билан чегарадош Шуманай туманида эркин саноат зонасини ташкил этиш, экспорт учун 20 та энг истиқболли ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш, «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш, қуриган Орол денгизи тубида 100 минг гектарда дарахтлар экиш ва бошқа кўплаб ишлар амалга оширилади.

Банк кредитлари ва тадбиркорларнинг ташаббускорлик маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистонда пахта майдонларини томчилатиб суғориш технологиялари билан қамраб олишни 25 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистондаги 288 та маданий мерос объектини инвентаризациядан ўтказиб, авария ҳолатида, реставрация ва ҳолати қониқарли каби тоифаларга ажратиб, уларнинг рўйхатини шакллантириш кўзда тутилган.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш ва огоҳантириш учун 1 дона мобил маммограф ускунасини харид қилиш, қолаверса, 12 та туман тиббиёт бирлашмаларига компьютер томография аппаратларини етказиб бериш режа қилинган.

2022−2026 йилларда қуйидагилар режалаштирилган:

  • ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажмининг йиллик ўсиш суръатини 2022 йилдаги 6,1 фоиздан 2025 йилда 9,6 фоизга, 2026 йилда 8,8 фоизга етказган ҳолда 30,6 трлн сўмдан 42,4 трлн сўмга — яъни 1,5 бараварга ошириш;
  • саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини 5,4 фоиздан 14,1 фоизгача кўтарган ҳолда 18,3 трлн сўмдан 31,7 трлн сўмга — яъни 1,5 бараварга ошириш;
  • бюджет даромадларини 1,4 бараварга 2 трлн 356 млрд сўмдан 3 трлн 335 млрд сўмга ошириш;
  • ишсизлик даражасини 2022 йилдаги 9,3 фоиздан 2026 йилда 6,9 фоизгача камайтириш;
  • камбағалликни босқичма-босқич 50% га камайтириш (йиллик 6,9−12%га қисқариш);
  • 45 та кичик саноат зоналарини ташкил этиш;
  • экспорт ҳажмини 2022 йилдаги 154,9 млнн доллардан 2026 йилда 500,3 млн долларгача ошириш;
  • 3200 кмга сув таъминоти тармоқларини чўзиш;
  • канализация тизимини 2022 йилдаги 19,9 фоиздан 2026 йилда 40,8 фоизга етказиш даражасини таъминлаш ва 484,2 км канализация тармоғини қуриш;
  • 4974,2 км электр тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш;
  • 2024 йилда асосий молиялаштириш (170,3 млрд сўм) ҳисобидан умумий узунлиги 96,1 км бўлган 284,3 млрд сўмлик 550 та иссиқлик таъминоти тизими обектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш;
  • 348 та кўприк қуриш ва тиклаш;
  • 362,4 минг гектар майдонда яшил майдонлар яратиш;
  • юқори тезликдаги интернет қамровини 42 фоиздан 100 фоизгача ошириш;
  • 59 та янги мактаб қуриш, 172 тасини реконструкция қилиш ва 153 та мактабни мукаммал таъмирлаш, жами 384 та мактаб.

Дастурда шаҳар ва туманларнинг ихтисослашуви, «ўсиш нуқта"лари ва драйвер соҳалари белгиланган:

  • Нукус шаҳрида — қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатини ривожланитиш;
  • Амударё туманида — тўқимачилик саноати ва боғдорчиликни ривожлантириш;
  • Беруний туманида — қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чорвачилик ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш;
  • Бозатау туманида — чорвачилик ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш;
  • Кегейли туманида — тўқимачилик саноати, паррандачилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш;
  • Қонликўл туманида — тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш;
  • Қораўзак туманида — қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва чорвачиликни ривожлантириш;
  • Қўнғирот туманида — нефть-кимё саноати ва чорвачиликни ривожлантириш;
  • Мўйноқ туманида — балиқчилик, чорвачилик, туризмни ривожлантириш ва артемияни қайта ишлаш;
  • Нукус туманида — иссиқхоналар ташкил қилиш, мева-сабзавотчилик ва балиқчиликни ривожлантириш;
  • Тахиатош туманида — озиқ-овқат саноати ва иссиқхона соҳаларини ривожлантириш;
  • Тахаткўпир туманида — чорвачилик ва балиқчилиу соҳаларини ривожлантириш;
  • Тўрткўл туманида — мева-сабзавотчилик ва хизматлар соҳаларини ривожлантириш;
  • Хўжайли туманида — мева-сабзавотчилик, чорвачилик ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш;
  • Чимбой туманида — донни қайта ишлаш ва чорвачиликни ривожлантириш;
  • Шуманай туманида — тўқимачилик саноати, мойли экинларни етиштириш ва чорвачиликни ривожлантириш;
  • Элликқалъа туманида — туризм ва узумчиликни ривожлантириш.