«Ўзбеккосмос» агентлиги бош директори Шухрат Кадиров бошчилигидаги ишчи гуруҳи Францияга ташрифи давомида «Airbus Defence & Space»нинг шўба корхонаси «Airbus DS GEO Intelligence» компанияси бош директори Э. Перез билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик Ўзбекистонда космик технологияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, космик мониторинг доирасида ерни масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш ва давлат космик мониторинги дастурини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Франция компанияси эса дастур доирасидаги лойиҳалар доирасида космик суратлар билан таъминлашга тайёрлиги билдирди.

Франция томонининг таклифи асосида, дастлаб, виртуал станциядан фойдаланиш орқали ерусти станциясини жойлаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий муддати барча техник ҳужжатларни тасдиқлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш, шунингдек, Агентлик мутахассисларини ўқитиш муддатларини ҳисобга олган ҳолда камида 2 йилни ташкил этади. Агентлик қабул қилиш станциясини келгусида биргаликда ишлатиш имконияти орқали харажатларни тақсимлашни кўриб чиқишни таклиф қилди.

Унда томонлар амалдаги «Airbus DS GEO Intelligence» компанияси сунъий йўлдош туркуми доирасида Ўзбекистон манфаатлари учун Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини яратиш имконияти муҳокама қилинди. Ушбу механизм компаниянинг Ўзбекистон ҳудудидаги барча туркумларига эксклюзив эгалик ҳуқуқини ва потенциал Ўзбекистон сунъий йўлдошидан «Airbus DS GEO Intelligence» компанияси орқали маълумотларни биргаликда сотиш имконини беради, дейилади хабарда.

Агентлик томонидан маҳаллий мутахассисларнинг малакаси ва техник салоҳиятини ошириш муҳимлигини таъкидлади. «Airbus DS GEO Intelligence» компанияси Агентлик ходимлари учун қисқа курслар ўтказиш имкониятини тасдиқлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мутасадди идоралар вакиллари ишчи гуруҳини «Airbus DS GEO Intelligence» компаниясига ташрифини ташкил этиш масаласини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.