Адлия вазирлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан биргаликда 21 июнь куни бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбирда сўзга чиққан Адлия вазири Русланбек Давлетов барқарор ривожланишга эришиш учун иқтисодиётни бошқаришнинг асосий воситаси сифатида солиқ ва пул-кредит сиёсати билан бирга тартибга солиш сиёсати эътироф этилишини таъкидлади. «Жамият учун унинг хавфсизлиги ва соғлом турмуш тарзини ҳимоя қилувчи қоидаларнинг сифати ва самарадорлиги таъминлаб берилмаса, бизнес юритишда тўсиқлар яратилишига олиб келиши мумкинлиги», — деди у.

«Биз ҳуқуқшунослар ҳар бир ҳужжат қабул қилинишида уни нимага олиб келишини ўйлайлик. Оқибати қандай бўлади бизнес субъектларига нисбатан қандай оғирлик ёки енгиллик олиб келади? Қандай прогноз қиламиз? Қандай услубиётлар бор? Қабул қилинган қарорлар кичик оилага эмас, бутун халққа, безнес субъектларга таъсир қилиб кетаяпти», — деди вазир.

Адлия вазирлиги раҳбари маъмурий юкни диққат билан назорат қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Жамият учун унинг хавфсизлиги ва соғлом турмуш тарзини ҳимоя қилувчи қоидалар албатта зарур, бироқ, уларнинг сифати ва самарадорлигини таъминлаб беролмасак, аксинча иқтисодий ривожланиш йўлида, яъни бизнес юритишда тўсиқлар яратилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапириб «Биз маъмурий юкни жуда қаттиқ назорат қилишимиз керак, чунки бизнес ҳуқуқий ҳужжатларни ичида бўкиб қолмаслик керак», — деди у.

Русланбек Давлетов соҳада тартибга солувчи ҳужжатларга ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмаган умумий овқатланиш соҳасини мисол қилиб келтирди.

«СЭСнинг санитария ва гигиена қоидалари эски тартибда турибди. Эски қоидалар СССР вақтидан бери қолиб кетган. Уларни бажариб бўлмайди, хаттоки [тадбиркорлар] уларни тушунмайди. Якунда нима содир бўлмоқда? Текширувчи келади ва коррупция ҳолати юзага келади. Чорасиз вазият, лекин ҳар икки томон бундан манфаатдор… Ҳатто пичоқлар учун ҳам талаблар мавжуд. Уларнинг сони фалон шаклдаги 12 та бўлиши керак. Бу имконсиз талаблар», — дея таъкидлади у.

Адлия вазири видеокамералар ўрнатилиши билан боғлиқ яна бир мисолни келтирди. Унга кўра, вазирлик янги камералар ўрнатишни тартибга солиш ғоясининг оқибатларини таҳлил қилган.

«Қандай камера? Қаерга ўрнатиш керак? Бунга қанча вақт ва маблағ кетади? Бу талабларнинг ижроси бизнес субъектларининг қўлидан келадими йўқми? каби саволлар ортидан катта комплекс масалалар чиқди. Бунинг натижасида хулоса қилдикки, бу қарорни қабул қилмайдиган бўлдик. Бу биз қўйган мақсадга эрашадиган механизм эмас экан», — деди у.


Фото: Адлия вазирлиги.

Русланбек Давлетов, шунингдек, Адлия вазирлиги ўтган йилдан бери қўлланаётган тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу амалиёт туфайли ҳар йили бизнес харажатларини ўртача 500 млрд сўмга ошириши мумкин бўлган ва шу билан бирга ҳеч қандай самара бермаётган қарорлар қабул қилинишининг олдини олишга эришилган.

«Бугунги кунда бошқа давлатларда қандай қонунлар қабул қилинмоқда? Биринчидан, очиқлик, яъни одамлар регулятор уларни қандай бошқаришни режалаштираётганини, уларга қандай мажбуриятларни юкламоқчи эканлигини билиши ва кўриши керак… Масалан, солиқ тўлаш бўйича ҳам анча саволлар туғилади. Тадбиркорларга инновациялар ҳақида маълумот берилади, дейлик, шундан сўнг, назорат жараёнида турли масалалар пайдо бўлади. Шу боис бу ерда мулоқот очиқлик, ошкоралик, ҳар бир ҳаракатни тўғри тушунтириш, лойиҳалар [ҳужжатлар] даражасида ҳамкорликда маслаҳатлашиш — биринчи даражали [вазифа]», — деди у.

Вазир қонун ижодкорлигининг иккинчи муҳим йўналиши сифатида (big data) йирик ҳажмдаги ахборотларни қайд этди. «[Бу йўналишдаги ишлар] ортда қолмоқда. Шунинг учун рақамлаштириш зарур. Статистикани ўтириб, қўлда таҳлил қилиш керак бўлган замон ўтди», — деди Русланбек Давлетов.

«Одамлар ва корхоналар биздан кутаётган учинчи нарса бу — далилларга асосланган қарор қабул қилиш. Бунинг учун бизнинг тартибга солиш сиёсатимиз доимо далиллар таҳлилига асосланиши керак», — деди у.

Далилларга асосланган қонунчилик — қонун чиқарувчиларни мавжуд бўлган энг яхши илмий далиллар ва тизимли равишда тўпланган маълумотлардан, агар мавжуд бўлса, уларни шакллантириш ва қонун ёзиш учун асос сифатида фойдаланишга чақирувчи қонунчилик тушунчаси.

Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қабул қилинган қонунларга тез-тез ўзгартиришлар киритилиши қонунчилик барқарорлигига салбий таъсир қилади. Хусусан, 2018 йилда қабул қилинган 1545 та яхлит ҳужжатларнинг 73 фоизига бугунги кунда ўзгартиришлар киритилган ёки ушбу ҳужжатларнинг 30 фоизига, жумладан, тадбиркорликка оид ҳужжатларнинг 80 фоизига бир йил ичида ўзгартиришлар киритилган.

«Агар қонунчиликда барқарорлик бўлмаса, агар улар прогноз қила олмаса, бу инвестициялар ҳажмига ҳам, одамларнинг ҳаракатларига ҳам таъсир қилади. Шундай экан, барқарорликни таъминлаш учун тўғри, чуқур ўйланган ва далилларга асосланган қонунларни қабул қилиш зарур», — деди у.

Бу тартибга солиш сиёсати бўйича иккинчи конференция бўлиб, унда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати, илмий-тадқиқот муассасалари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, Jacobs, Corvodva & Associates ташкилоти раҳбарлари ҳам иштирок этди. Қолаверса, Қирғизистон, Тожикистон ва Мўғулистон ҳукуматлари онлайн қатнашди.

«Бугунги конференциянинг аҳамияти шундаки, барча вазирликлар норма ижодкорлигида шаклланган «маданият»ни ўзгартириши зарур. Афсуски, бу йўналишда ҳали қиладиган ишларимиз кўп… Ўзбекистонда яхши қонунлар қабул қилиниши одат тусига кириши керак. Одамлар қабул қиладиган, эртага ижроси таъминланадиган қонунлар қабул қилиниши керак», — деди адлия вазири.

2019 йил декабрь ойида Русланбек Давлетов ҳали кучга кирмаган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ҳолатларини кўрсатиб, янги қонунларга ўзгартиришлар киритишга мораторий жорий қилишни таклиф қилганди.