Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда маҳаллалардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер олиб бераман, деб таъмагирлик қилаётганини танқид қилганди. Ёрдамчи лавозими давлат раҳбарининг таклифига биноан йил бошидан жорий қилинганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, январь-май ойларида — ҳоким ёрдамчилари томонидан порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жами 14 та жиноят содир этилган.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида ҳоким ёрдамчиларини коррупцияга қарши кураш ва ҳалоллик бўйича махсус курсларда ўқитиш тизими йўлга қўйилди.

20 июнь санасидан ҳудудларда «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва унга қарши курашиш бўйича ижобий хулқни шакллантириш» мавзусидаги семинар машғулотлари бошланди.

Дастлабки курслар Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди. 21 июнь куни Қашқадарё вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида давом этган бўлса, 1 июлга қадар мамлакатнинг барча вилоятларида бўлиб ўтади.

Курсларда коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, корррупциянинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги механизмлар, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти, давлат хизматчиларининг мол мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш йўналишларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари фаолиятида коррупциявий омилларни вужудга келиш сабаблари ҳамда шарт-шароитлари, уларни бартараф этиш усуллари таҳлил қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вазифалари қаторига давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») жорий этиш, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш ва бюджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ҳамда давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш киради.