Uzbekistan Airports шўъба компанияси ҳисобланган ҳудудий Silk Avia авиакомпанияси илк парвозларини жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

Silk Avia 2021 йилнинг сентябрида рўйхатдан ўтказилган. Уни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон фуқароларини ҳамёнбоп нархларда ички ҳаво транспорти билан таъминлашдан иборат. Раъно Жўраева нима учун лоукастерни ишга туширишда кечикиш бўлаётганига изоҳ берди.

«Авиакомпания ташкил этиш жуда қийин. Мен буни икки йил олдин таклиф қилганман. Ҳозир ушбу стартапни қилишни таклиф этдим, кейин кимдир уни мендан олади ва уни бошқаришда давом этади. Мен тўхтаган самолётларни топиш жуда қийин. Биз бизнес-режа туздик ва турли ҳудудий самолётларни иқтисод нуқтаи назаридан солиштирдик ва ATR 72−600 да тўхтадик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ATR француз-италян ишлаб чиқарувчисининг яқин масофаларга учувчи ҳудудий лайнери «энг яхши тежамкорлик» кўрсаткичларига эга. Silk Avia 70 ўринли шу каби самолётлардан учтасини сотиб олишни режалаштирмоқда.

«Энди уларни бозордан топиш керак. Бозорда эса улар йўқ. Улар ҳудудий парвозларда энг оммабоп самолётлар ҳисобланади… Ҳудудларда барча парвозларнинг 75 фоизи ушбу самолётларда амалга оширилади. Бозорда бу самолётларни излаяпмиз ва топганга ўхшаймиз», — дея қайд этди у.

Раъно Жўраева учувчилар таркибини шакллантиришни иккинчи энг муҳим омил деб атади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий мутахассислар таълим олиш учун Франциянинг Тулуза шаҳрига юборилмоқда, шунингдек, Россиядан учувчилар жалб қилинмоқда.

«Учинчи муҳим омил — чипталарни телефонда сотишимиз учун бизга керак бўлаётган сотиш тизими. Тўртинчиси — самолётларга техник хизмат кўрсатиш. Ҳозир биз UAT (Uzbekistan Airways Technics — таҳр.) билан биргаликда ушбу самолётларни таъмирлаш ва уларнинг парвозга яроқлилигини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширмоқдамиз. Улар ҳам Тулузада ўқишади», — дея маълум қилди компания раҳбари.

Uzbekistan Airports раҳбари биринчи авиарейслар муддатларини маълум қилди. «Биринчи рейсларни сентябрь-октябрларда амалга оширишни режалаштиряпмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Silk Avia йўналишлар сонини 40 тагача оширишни режалаштиргани ҳақида хабар қилинган эди. ««Тарифлар темирйўллар чипталари билан мос бўлади. Бу ички туризм риввожланишига ҳам, истеъмолчи учун авиачиптанинг нархига ҳам яхши таъсир қилади», — деган эди Раъно Жўраева.