Uzbekistan Airports компанияси Ўзбекистон транспорт вазирлиги ташаббуси билан Silk Avia ҳудудий шўъба авиакомпаниясини ташкил этади. Янги авиакомпания ўз парвозларини кейинги йилдан бошлаб амалга оширади, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Silk Avia жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатга олинган бўлиб, 14−18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 Халқаро авиасалон доирасида Uzbekistan Airports ва Дубайнинг HAS Aviation GT компаниялари ўртасида Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпанияни тузиш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланди.

Ҳудудий авиакомпаниянинг тузилиши Ўзбекистондаги ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш учун муҳим, бу эса ўз ўрнида мамлакатнинг бир фуқароси парвозларининг ўртача сонини кўрсатадиган аҳолининг авиацион ҳаракатчанлиги коэффициентининг ошишига олиб келади, дейилади Uzbekistan Airports хабарида.

«Биз бозорда ўзбекистонликлар учун қулай нархдаги ички авиапарвозларни таклиф қилувчи авиакомпанияни тузишни мақсад қилдик. Яқин вақтларгача Ўзбекистон шаҳарларини боғловчи тўғридан-тўғри рейсларнинг мавжуд бўлмаганлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишларига тўғри келарди. Бизнинг вазифамиз ички рейсларни point to hub (пойтахтдан вилоятларга) тамойили бўйича эмас, point to point (вилоятлар ўртасида) модели асосида ташкил этиш», — дея таъкидлади Uzbekistan Airports бошқарув раиси Рано Жўраева.

Янги компания 40 гача йўналишларни очиш ва 70 нафаргача йўловчиларни сиғдирадиган ҳудудий самолётларни сотиб олишни режалаштирмоқда. «Тарифлар темирйўллар чипталари билан мос бўлади. Бу ички туризм риввожланишига ҳам, истеъмолчи учун авиачиптанинг нархига ҳам яхши таъсир қилади», — дейди Рано Жўраева.

Uzbekistan Airports`нинг қўшимча қилишича, янги авиакомпания ҳудудий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам муҳим, шунинг учун биринчи босқичда унинг бошқарув компанияси Uzbekistan Airports бўлади. Кейинчалик авиаташувчи хусусий секторга ўтказилади.

«Silk Avia ўзини Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияга рақобатчи сифатида кўрмайди, балки ички парвозларни ташкил этишда ҳамкор сифатида иштирок этади», — дейилади Uzbekistan Airports хабарида.