Uzbekistan Airports раиси Раъно Жўраева Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиқиб, ташкил этилаётган Silk Avia минтақавий авиакомпаниясининг айрим тафсилотларини маълум қилди.

«Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш истиқболлари» мавзусидаги мулоқот давомида Раъно Жўраева ички туризмни ривожлантиришга тўхталар экан, 2021 йилдан бошлаб «Silk Avia» минтақавий авиакомпаниясини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилгани, мазкур авиакомпания мамлакат ичида авиақатновларга бўлган талабни қондиришини таъкидлаб ўтди.

Uzbekistan Airports раҳбари компания парвозларни Ўзбекистон бўйлаб 40 га яқин йўналиш — нафақат пойтахтдан вилоятларга, балки вилоятлар ўртасида ҳам йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилди.

«Албатта, талаб катта. Аҳоли мамлакат бўйлаб ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Шунинг учун биз ишларни жадал суръатларда олиб бормоқдамиз ва умид қиламизки, кузгача самолётларни етказиб берамиз ва илк парвозларни амалга оширишни бошлаямиз», — деди Раъно Жўраева.

\

Фото: Uzbekistan Airports

Шу билан бирга, у биринчи босқичда 70 ўринли учта минтақавий самолёт келиши кутилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай сиғимга эга самолётлар минтақавий авиаташувлар учун мақбулдир. Шунингдек, минтақавий авиакомпания базаси янги «Самарқанд» аэропортида жойлашиши ҳам маълум қилинди.

Бундан ташқари, Раъно Жўраева маҳаллий авиакомпания базаси янги Самарқанд халқаро аэропортида жойлашишини маълум қилди.

Uzbekistan Airports раиси Самарқанд аэропорти замонавий ва маълум даражада экспериментал лойиҳа эканини таъкидлади.

«Бу 2019 йилдан буён амалга оширила бошланган улкан лойиҳа бўлиб, унинг юқори нуқтаси 2021 йилга тўғри келди. Энг қийини, аэропорт фаолиятини тўхтатмай туриб, аэродром ва аэровокзал қуриш эди. Аэродром мажмуаси очилишидан тахминан бир ой олдин парвозлар тўхтатилди», — деди у.

«Ҳозир биз божхона ва чегара назорати, йўловчилар ва юкларни рўйхатга олиш учун янги ечимлар орқали ўтказиш имкониятини оширишга қодир бўлган, хизмат кўрсатиш технологияси жорий этилган аэровокзал мажмуасини фойдаланишга топширишни якунламоқдамиз. 1 апрелдан янги терминал тўлиқлигича ишлаб, халқаро қатновларга хизмат кўрсатади», — дея хулоса қилди Раъно Жўраева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги янги аэропорти 1 апрелдан тўлиқ қувват билан ишлай бошлаши ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатиши хабар қилинганди. Ҳозирда аэропорт мажмуасини фойдаланишга топшириш ишлари якунланмоқда.