Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили — Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистонга ташрифи доирасида қўшни мамлакат муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосарлари — Мулла Абдул Ғани Бародар ва Абдусалом Ҳанафий билан музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболларини, шунингдек, Афғонистон ҳудудида энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган турли инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилдилар, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Афғонистон томони Ўзбекистон раҳбариятига мамлакатга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами, шунингдек, миллий иқтисодиётни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Афғонистон ташқи ишлар вазири в. б. Амирхон Муттақий ва Афғонистон ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам музокаралар ўтказди. Унда сиёсат, хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифни Афғонистон матбуоти ҳам кенг ёритди. TOLOnews хабарига кўра, Абдул Ғани Бародар билан учрашувда Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият билан алоқалари ва иқтисодий лойиҳаларни қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинган, дейилади Бародар идораси тарқатган баёнотда.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, вазир вазифасини бажарувчи Ҳаққоний делегацияга «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан бери хавфсизликни таъминлай олгани ва «қўшни давлатлар билан чегарада хавфсизлик алоҳида аҳамиятга эга» эканини айтган.

«Ҳар икки томон ҳам иқтисодий имкониятлардан яхшироқ фойдаланишлари учун икки давлат ўртасидаги яқин алоқаларни йўлга қўйишга интилади», — дейилади баёнотда.

Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, томонлар Афғонистон-Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари, транзит ва савдо-сотиқни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.

Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ўзбекистоннинг афғон халқи билан ҳамкорлигини олқишлаб, томонлар ҳозирда «яхши сиёсий муҳит»га эга экани, сиёсий ва иқтисодий алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлади, деб ёзади Bakhtar ахборот агентлиги.

Шунингдек, Муттақий июль ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилинди. Қўшни мамлакат муваққат ҳукумати Ўзбекистонга Савдо вазирлиги вакиллари бошчилигидаги делегацияни юбориш истагини билдирди.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов июль ойи охирида Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилган эди. «У ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият ҳалигача кескин ҳолда туриб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда», — деган эди у.