19 июнь куни Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Афғонистон ТИВ хабар қилди.

Афғонистон ТИВ матбуот котиби ўринбосари Ҳофиз Зийи Аҳмаднинг маълум қилишича, Ўзбекистон делегацияси таркибида Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев ҳам бор.


Учрашув мобайнида савдо ва транзит соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари кўтарилиб, хавфсизлик билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди. Шунингдек, Муттақий Абдулазиз Абдулазиз Камиловни янги лавозими билан табриклади.

«Ўзбекистонга афғонлар билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдираман», — деди у.


Шунингдек, Муттақий июль ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилинди. Қўшни мамлакат муваққат ҳукумати Ўзбекистонга Савдо вазирлиги вакиллари бошчилигидаги делегацияни юбориш истагини билдирди.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов июль ойи охирида Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилган эди. «У ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият ҳалигача кескин ҳолда туриб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда», — деган эди у.