Июль ойи охирида Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда 13 май куни Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов маълум қилди.

Владимир Норов «доимий геосиёсий нотинчлик, халқаро муносабатларнинг тубдан ўзгариши, беқарорлик ва ноаниқлик омилларининг кучайиб бориши, маҳаллий даражадаги қуролли тўқнашув ўчоқларининг кескинлашиши, террористик кучларнинг фаоллиги ва экологик муаммоларнинг вайронкор оқибатлари ортиб бораётгани»ни қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу инқирозли вазиятлар бутун Ҳамдўстлик ҳудудига жиддий таъсир кўрсатиб, минтақадаги тинчлик ва хавфсизлик, сиёсий барқарорлик, ижтимоий-иқтисодий тарақққиёт учун янги таҳдидларни келтириб чиқармоқда.

Норов МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг қатор устувор аҳамиятга эга йўналишларини санаб ўтди.

Хусусан, унинг сўзларига кўра, эркин савдо зонаси тўғрисидаги Шартноманинг салоҳиятидан фойдаланиш, яқин фурсатларда хизматларнинг эркин савдо-сотиғи тўғрисида битимни имзолашга эришиш, товар ва хизматлар ҳаракатланиши йўлида қолаётган тўсиқларни бартараф этиш, ўзаро савдо-сотиқни рақамлаштириш, транспорт-транзит коммуникацияларини такомиллаштириш, ўзаро инвестицияларни ҳамда корхона ва минтақалар ўртасидаги кооперация алоқаларини қўллаб-қувватлаш бўйича фаолиятни давом эттириш лозим.

У ҳамкорларни жорий йилда Тошкент шаҳрида Саноат кооперацияси ва МДҲ Минтақалараро ҳамкорлик форумларининг ўтказилишини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Владимир Норов, шунингдек, МДҲ ҳудудида, биринчи ўринда «Шимол-Жануб» йўналишидаги минтақалараро ва трансконтинентал транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан «Термиз — Мозори-Шариф — Қобул — Пешавор» йўналишидаги темир йўлини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини айтди.

«Афғонистонга тўхталганда, афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу мамлакатдаги вазиятга эътибори сусайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни пайтда у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда», — деди у.

Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатнинг бугунги куни ва келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳамда Афғонистоннинг оғир ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда ёрдамни давом эттиришга қаратилган аниқ чораларни кўриши керак.

ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондан Афғонистонга 58 вагондан иборат, 4 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак юкланган яна бир гуманитар ёрдам поезди жўнатилди.

«Жорий йил июль ойи охирида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ушбу масалаларни долзарблаштириш ва ҳар томонлама муҳокама қилиш учун қулай имконият яратади. Афғон муаммосини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш мақсадида сизларни ушбу муҳим тадбирда иштирок этишга таклиф этамиз» — деди у.

Владимир Норов, шунингдек, жорий йил МДҲ Ижодий ва илмий зиёлиларининг навбатдаги форуми Ўзбекистонда ўтказилишини алоҳида таъкидлади. У бу йил МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ташкил этилганининг 30 йиллиги нишонланиши ҳақида айтиб, ушбу санани нишонлаш доирасида Ўзбекистон президенти томонидан Парламентлараро ассамблеянинг, шу жумладан унинг ёшлар қаноти — Ёшлар Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги йиғилишини жорий йил куз фаслида Тошкент шаҳрида ўтказилиши таклиф этилганини маълум қилди.

ТИВ раҳбари Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетига туризм соҳасидаги МДҲ базавий ташкилоти мақомини бериш қарорини қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳамкор-давлатларга миннатдорлик билдирди.

«Ҳамдўстлик мамлакатлари ёшларига Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлидаги дунёга машҳур — Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида туризм соҳасида амалий машғулотлар олиб боришлари ҳамда яшаш ва таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган ушбу замонавий олийгоҳда билим олишни ва малака орттиришни таклиф қиламиз», — деди у.