Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши йиғилишида икки нафар депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур кенгашда қатнашган депутат Жаҳонгир Жияновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишда «Депутатлик мақоми тўғрисида»ги қонун ва президент фармони талаблари бузилган.

Жаҳонгир Жияновнинг сўзларига кўра, Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи Андижон шаҳар Кенгашининг 29-сессияси кун тартибига киритилмаган ва «Депутатлик мақоми тўғрисида»ги қонун талаби бузилган. Унинг айтишича, бу масала сессия бўлиб ўтаётган 28 майда депутатларга эълон қилинган. «Депутатлик мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасида (депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби) депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилиши керак.

«Бизга бу масалани сессия бўлаётган куни беришяпти. Сенат қарорида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида кўрилаётган ҳар битта масала доимий комиссияда кўрилиши керак, дейилган. Бу ерда иккита депутат дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиняпти-да, иккаласини ҳам доимий комиссия кўрмаяпти. Чунки доимий комиссия кўриши учун тегишли ҳужжатлар берилиши керак, лекин тегишли ҳужжатлар доимий комиссияга берилмаяпти. Бу — тўғримас», — деди депутат.

«Газета.uz» ушбу масалага бошқа депутатлар томонидан қаршилик бўлган-бўлмагани бўйича сўраганда, депутат йиғилишга раислик қилган томондан босим бўлгани ҳақида гапирди.

«Депутатлар биринчи овоз беришда қўл кўтармади. Регламентга кўра, биринчи овозга қўйилганда ҳеч ким қўл кўтармаса, иккинчи овозга қўймаслик керак. Бу ерда эса икки марта овозга қўйиляпти. Йиғилишга раислик қилувчи томондан босим бўляпти. Мен сессияни жонли эфирда узатаётган эдим, аммо бунга ҳам йўл қўйишмади. Бу эса президент фармонига зид», — деди депутат Жаҳонгир Жиянов.

«Депутатлар катта босим остида қолди. Биласизку, кўп депутатлар ташкилотларда ишлайди. Кўп депутатларни ташқарига чақиришди. Бошқа депутатларнинг телефонига смс келди… Менинг ҳам „прямой эфир“ қилаётганим кўпчиликка ёқмади-да», — деди у.

«Сессияда 18 киши қатнашди. Улардан 12 ё 13таси [депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласига] қўл кўтарган бўлиши мумкин. Мен „қарши“ овоз бердим», — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Жаҳонгир Жиянов Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши сессиясида бешта қонун бузилиш ҳолати кузатилганини санаб ўтди.

«Биринчидан, ушбу масала сессия кун тартибига киритилмаган. Иккинчидан, масала доимий комиссия йиғилишида кўрилмаяпти. Учинчидан, сессияни жонли эфирда узатиш тақиқланяпти. Сессияни ўтказиш бўйича ҳужжатларни депутатларнинг қўлига бермаяпти — тўрт ва бешинчидан, сессияга раислик қилувчи сайланмаяпти, балки ўз-ўзини раис этиб тайинлаб оляпти», — деди у.

Депутат санаб ўтган ҳолатларнинг биринчисида — «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламент» 18-моддаси (сессия ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди) бузилган; иккинчи ҳолатда — «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси (депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби) бузилган; учинчи ҳолатда — «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонининг 14-банди (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини жонли эфирда узатилишини таъминлаш) бузилган; тўртинчи ҳолатда — «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти»нинг 12-моддаси 2-қисми (депутатларга танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар юборилиши) бузилган ва бешинчи ҳолатда эса «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти»нинг 10-моддаси (Сессиялар ҳоким йўқлигида унинг ўринбосарларидан бири томонидан чақирилиши) бузилган.

«Сессияга Шахобиддин Хайдаров раислик қилди. У ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлайди», — деди депутат. Жаҳонгир Жияновнинг таъкидлашича, у ҳолатни ўрганиш бўйича Сенатга хат йўллаган. «Сенат сессияда қабул қилинган қарорни бекор қилиши керак. Чунки сессия юқори палата чиқарган қарорга зид ўтди», — деди у.

«Газета.uz»га Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 28 май куни бўлиб ўтган йиғилишининг аудиоси етиб келди. Сессияда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимномага кўра, Андижон шаҳар ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида молиявий жиноятлар содир этганликда гумонланиб, терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Қайд этилишича, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Хусусан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (ҳозирда Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 млрд сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 млрд сўмлик маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берганликда гумонланмоқда. Ўз навбатида, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 млрд сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмагани таъкидланган.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми „а“ банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 млрд сўмлик зарарнинг атиги 11,2 млрд сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган», — дейилади Бош прокуратура тақдимномасида.

Шунингдек, тақдимномада Ҳайдаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги, уларнинг оқибатлари бартараф этилмагани, яъни етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмагани кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 февраль куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 8 та ҳолатда жами 19,6 минг кв. метр ер майдонини ноқонуний ажратиш орқали давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказганликда айбланиб, ҳоким бир вақтнинг ўзида депутат бўлганлиги боис Андижон вилояти прокуратураси уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Халқ депутутлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритган эди.

Маълум бўлишича, шаҳар ҳокимининг ҳаракатларида ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди ва 229-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, унга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаб туриш лозимлиги кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га мазкур хат асосида 3 февраль куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритилганини айтган эди.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига кўра, депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Бироқ орадан 19 кун ўтган бўлса-да, Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши прокурор тақдимномасини кўриб чиқмагани айтилган.

Қолаверса, қонунда халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилиши ҳам назарда тутилгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаров шу йилнинг апрель ойида Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат мажлисида ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун огоҳлантирилган эди.