Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров қамоққа олинган куни 24 та қарор ва фармойиш, эртаси куни эса яна 2 та ҳужжат чиқарди. Бу «E-Qaror» тизими маълумотларида қайд этилган. Андижон вилоят Адлия бошқармаси мазкур ҳужжатларнинг қонунийлигини текширмоқда.

Адлия вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Баҳром Хайдаров 6 июнь куни соат 16:50 да жиноят иши юзасидан ҳибсга олинган. 7 июнь куни суд унга қамоқда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллаган.

6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғи ҳамда 7 июнь куни 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С.Қодиржонов томонидан ҳокимга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ҳолда «E-Qaror» платформасида 26 та қарор ва фармойиш имзоланган.

Шундан сўнг Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан «UZINFOCOM» МЧЖ мутахассислари томонидан Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Хайдаровнинг «E-Qaror» электрон тизимидаги шахсий кабинети блокланди.

«Ушбу жараёнда ҳужжатларни сохталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча, уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди. Ўрганиш якунларига кўра қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади Андижон вилояти адлия бошқармаси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2017−2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинганди.

Қайд этилишича, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров (ҳозирда Андижон шаҳар ҳокими) ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 млрд сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 млрд сўмлик маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берганликда гумонланмоқда. Ўз навбатида, Ҳайдаров вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани натижасида 6,8 млрд сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмагани таъкидланган.

«Ушбу ҳолат юзасидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми „а“ банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, 32 нафар шахсга нисбатан қамоқ, 2 нафар шахсга нисбатан уй қамоғи ва 3 нафарига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича етказилган 48,5 млрд сўмлик зарарнинг атиги 11,2 млрд сўми, яъни 23,1 фоизи ҳозирга қадар ундирилган», — дейилади Бош прокуратура тақдимномасида.

Шунингдек, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани айтилади.

Чоршанба куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров процессуал тартибда ушлангани ортидан Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов ҳам бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи тариқасида ҳибсга олинган эди.