16 июнь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ОТМларга киришда бериладиган барча имтиёзлар қайта кўриб чиқилиб, инвентаризациядан ўтказилишини маълум қилганди. «Жуда кўп ва хўп имтиёзларимиз бор. Кейинги ўқув йилидан шу имтиёзларнинг вақтини яшаб бўлганларидан воз кечамиз», — деганди вазир. Шундан келиб чиқиб, «Газета.uz» таълим муассасаларига киришда ОТМларга киришда кимларга қандай имтиёзлар тақдим этилгани борасидаги маълумотларни бир материалга жамлади.

1. Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари

Президентнинг 1999 йил 10 июндаги [ПФ-2326-сон] фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга берилади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилар ОТМларнинг бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.


2. Тавсияномага эга ҳарбий хизматчилар

Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ ва Миллий гвардия раҳбарларининг биргаликдаги [3215] қарори асосида 2020 йил 31 январда ҳарбий хизматчиларга тавсиянома бериш тартиби тасдиқланган.

Унга кўра, тавсияномалар Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади.

Тавсияномага эга абитуриентлар қуйидагиларга эга бўлади:

  • республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун ОТМга қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига.


3. Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги [462-сон] қарори билан Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг фарзандларига ҳам таълим муассасаларига киришда имтиёз тақдим этилган.

Унга кўра, Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар берилади.

Тавсиянома қуйидагиларга берилади:

  • Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган, жанговар-хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар (идоралар)нинг ҳақиқий хизматни ўтаётган офицерларига, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ва Миллий гвардия ходимларига;
  • ҳарбий хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, яраланган, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногиронлиги бўлган шахс бўлиб қолган Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг офицерлари, сержантлар ва оддий аскарлар таркибига мансуб бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимларининг фарзандларига берилади.

4. «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари

Президентнинг 2017 йил 21 ноябрдаги [ПҚ-3402-сон] қарори билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг «Мард ўғлон» давлат мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига ҳар йили «Ёшлар куни» арафасида топшириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун берилади.

«Мард ўғлон» давлат мукофотига талабгорлар Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан президентга таклифлар киритилади. «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш президент қарори билан амалга оширилади.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган ўқувчилар ОТМларнинг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура босқичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.


5. Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги [375-сон] қарори билан Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу низом ички ишлар органларининг шаҳодатланган ходимлари, терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларининг фарзандларига (васийликка олинган фарзандлар бундан мустасно) нисбатан татбиқ этилади.

Давлат ОТМларнинг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) ўқишга кириши учун тавсиянома ички ишлар вазирининг ўринбосари — Кадрлар бош бошқармаси бошлиғининг илтимосномасига асосан вазир томонидан берилади.

Бундан ташқари, ҳудди шу тартибда вазир томонидан Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий таълимдан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тақдимнома берилади.


6. Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга абитуриентлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги [393-сон] қарори билан ҳарбий хизматчилар орасидан юқори натижаларга эришган, ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи ҳарбий қисм қўмондонлиги (раҳбарияти) ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига мувофиқ олий таълим муассасаларига тасдиқланган давлат гранти квоталарига қўшимча равишда имтиҳонларсиз қабул қилинади.


7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсияномасини қўлга киритганлар

Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг 14 ноябрида [914-сон] сонли қарор билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тартибини тасдиқлаб берган.

Ҳужжатга асосан тавсияномалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимидаги сардорларга, бошланғич ташкилотлардаги йўналиш етакчиларига, икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи ёшларга берилади. Тавсияномалар Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бир нафардан (жами 14 нафар) ёшларига тақдим этилади.

Тавсияномаларга эга бўлган ёшлар Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан доимий яшаш жойидаги ОТМларнинг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.


8. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги [226-сон] қарори билан халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар, мусобақалар, номдор стипендиялар ғолиблари бўлган битирувчиларга ҳам имтиёзлар берилган.

Халқаро ва миллий миқёсдаги танлов ва мусобақалар, республика олимпиадаларининг ғолибларига берилган гувоҳномалар асосида тест синовисиз ҳамда қўшимча имтиҳонсиз (ўз йўналишлари бўйича) ОТМларнинг таълим йўналишларига қабул қилинади.

Президент давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатгандан сўнг 2 йил мобайнида, номли давлат стипендиялари соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг 1 йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.


9. «Ниҳол» мукофоти совриндорлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 9 августдаги [169-сон] қарорига мувофиқ, жами бешта номинация — эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, опера ижрочилиги ва рақс санъати бўйича танловлар ғолибларига «Ниҳол» мукофоти берилади. «Зулфия» номидаги давлат мукофоти совриндорлари танловда иштирок этмайди.

«Ниҳол» мукофотига сазовор бўлган ёшлар маданият, санъат йўналишидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинади (ансамбль, жамоа сифатида иштирок этганлар бундан мустасно), мамлакатнинг атоқли санъаткорларидан сабоқ олиш имкониятига эга бўлади.


10. Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари

Президентнинг 2020 йил 21 апрелдаги [ПҚ-4688-сон] қарорига асосан бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолибларига олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёз берилади.


11. «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» республика танлови ғолиблари

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги [468-сон] қарори билан «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» республика танлови ғолибларига давлат олий таълим муассасаларига ўқишга имтиҳонсиз киришда имтиёз берилади.


12. «Ҳамшира» республика танлови ғолиблари

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги [393-сон] қарорига кўра, тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг «Ҳамшира» республика танлови ғолиблари олий таълим муассасаларига, мос таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)сиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.


13. Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар

Президентнинг 2021 йил 9 августдаги [ПҚ-5216-сон] қарори асосида олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар (йигирма беш ёшга тўлмаган) чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.


14. Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги [393-сон] қарори билан Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатни қабул жараёнида тақдим этганда олий таълим муассасалари бакалавриатининг кириш тест синовлари фанлар мажмуасига чет тили фани киритилган йўналишларда мос чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топширмайди.


15. Халқаро имтиҳон тизимлари сертификатларига эга абитуриентлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги [468-сон] қарорига кўра, илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга ўқишга киришда мазкур фан доирасида тестдан озод этилади ва максимал балл берилади.


16. Коллеж ёки техникумдаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар

Вазирлар Маҳкамасининг 9 июндаги [322-сонли] қарорига мувофиқ, коллеж ёки техникум дипломидаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар контракт асосида ОТМга қабул қилинади. Бунда тавсияномага эга абитуриентлар орасида алоҳида тест ўтказилади, улар орасидан юқори балл тўплаган 500 нафаригина ОТМга кира олади.


17. Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун тавсиянома

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги [402-сон] қарори билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасига эга эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун ОТМга киришда қўшимча 4 фоизли грант ажратилади.


18. Иқтисодиёт тармоқларида камида 5 йил иш стажига эга абитуриентлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги [675-сон] қарори билан камида 5 йил иш стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берилади.


19. Профилактика инспекторлари

Президентнинг 2021 йил 30 ноябрдаги [ПҚ-23-сон] қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан ички ишлар органларида 3 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган, касбига фидойи, ташаббускор профилактика (катта) инспекторлари қуйидаги ОТМга кириш имтиҳонларисиз сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилинади:

  • Жамоат хавфсизлиги университетига;
  • Тошкент давлат юридик университетига;
  • юриспруденция соҳасида бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлган бошқа давлат ОТМга (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бундан мустасно).

Бунда профилактика (катта) инспекторларига ўқишга тавсияномалар бериш учун комиссия ташкил этилиб, номзодлар тест имтиҳонларидан ўтказилади.

Тавсияномалар ОТМ ўртасида тенг тақсимланади.

Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда контракт маблағлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.


20. «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаол аъзолари

Президентнинг 2022 йил 2 мартдаги [ПҚ-150-сон] қарори асосида Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, мактабларда эса унинг отрядлари ташкил этилади. Унга иҳтиёрий равишда аъзо бўлган 10−11-синф ўқувчилари орасидан бир нафарига ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг ҳаракат фаолиятидаги иштироки ва мактабдаги баҳолари инобатга олинади.


2020 йилда «Газета.uz» Комил Жалиловнинг имтиёз борасидаги мақоласини эълон қилганди. Унда муаллиф Конституция ва тестология фани талабларига мувофиқ келмайдиган мантиқсиз имтиёзлар тизими ёш авлоднинг адолатга ишончини йўққа чиқаради ҳамда университетларга ҳақиқатан муносиб номзодларни қабул қилишга тўсқинлик қилади, дея фикр билдирганди.