Ўтган ҳафта кириш имтиҳонларининг натижалари эълон қилинди. Қарийб 1,5 миллион нафар абитуриент ва уларнинг оила аъзолари буни интиқлик билан кутишган эди. Пандемия шароитида қийин кечган мазкур тест синовлари натижаларини тестология талабларига мувофиқлиги нуқтайи назаридан таҳлил қилишимиз ҳали олдинда (таҳририят Давлат тест марказидан ўз сўровига жавоб кутмоқда), ушбу мақолада эса имтиёзлар масаласига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Тест натижалари эълон қилинган куни ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири абитуриентларнинг жавоб варақалари бўлди. Уларда энг юқори натижалар қайд этилган (бу йил иккита фан бўйича тест синовлари ўтказилганлиги ва натижаларни ҳисоблаш тартиби ўзгарганлиги сабабли энг юқори балл 189 ни ташкил этган), аммо ўқувчи тўлов-шартнома асосида ўқишга тавсия этилган. Бошқа нашрлардаги ҳамкасбларимиз таъкидлаганидек, 2020 йилги имтиҳон мавсуми «ҳатто 100 фоиз натижа билан ҳам талаба бўла олмаслик мумкин"лигини исботлади.

ДТМ мазкур ҳолатни Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарорига биноан, республика ва халқаро мусобақа ҳамда танловлар ғолиблари университетларга тест синовларисиз, грант асосида ўқишга қабул қилиниши, натижада айрим жойлардаги грант ўринлари шундай абитуриентлар билан тўлганлиги билан изоҳлади. Дарҳақиқат, юқоридаги қарор билан тасдиқланган «Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида Низом» республика мусобақаларида биринчи ва халқаро танловлар (олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари)да 1−3-ўринларни эгаллаган академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий ўқув юртларига тест синовлари ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинишини назарда тутади.

Аммо ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бундай абитуриентларга қўшимча ўрин ажратилиши кераклиги тўғрисида эслатиб ўтди. Президентнинг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5924-сонли фармонига биноан, 1 февралдан янги тартиб жорий этилиши керак эди. Унга кўра, олимпия, паралимпия, Осиё ва Пара-Осиё ўйинлари, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ҳамда республика чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари университетларга кириш имтиҳонларисиз, қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади. Ҳуқуқшунос тушунтириб ўтганидек, спортчиларни давлат гранти асосида қабул қилишда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига қараганда юқори юридик кучга эга бўлган президент фармонига мувофиқ иш тутиш ва улар учун қўшимча жой ажратиш керак эди. Демак, блоггернинг фикрича, тест натижалари қайта кўриб чиқилиши зарур.

Спорт, албатта, яхши ва мамлакат шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилувчи спортчиларни рағбатлантириш борасида эътирозга ўрин йўқ. Аммо нега бундай рағбатлантириш спортга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган олий ўқув юртларига қабул қилиш орқали амалга оширилиши керак?

Ахир, кириш имтиҳонлари аслида ким бўлажак мутахассислик учун зарур бўлган фанларни ўзлаштиришга тайёр эканини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Айтайлик, сузиш бўйича халқаро мусобақада ғолибликка эришган спортчи қандай қилиб ҳуқуқшунослик ёки иқтисод соҳасида ўқишга тайёрлигини исботлай олади?

Худди шу ўринли саволни бошқа имтиёзларга нисбатан ҳам бериш мумкин. ДТМ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, имтиёзга эга бўлиши мумкин бўлган абитуриентлар нақ 19 тоифага ажратилади! Республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган, шунингдек, тил сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фан бўйича максимал балл берилишини оқлаш мумкиндир (аслида бу имтиёз эмас, балки муқобил шаклда намойиш этилган билим даражасини тан олиш ҳисобланади), аммо қолган имтиёз тоифаларини на мантиқан, на қонун жиҳатидан ва на илмий асосланганлиги нуқтайи назаридан изоҳлаб бўлмайди.

Мантиқ нуқтайи назаридан. Масалан, Ибрат мактаб-интернати битирувчилари бошқа таълим муассасалари битирувчиларидан нимаси билан фарқ қилади? Агар бу мактаб шунчалик яхши ўқитса, нега битирувчилари бошқалар қатори ҳалол мусобақада қатнашмасликлари керак? Ёки нима учун «Темурбек мактаблари» битирувчиларига қўшимча балл сифатида имтиёз берилиши керак? Яъни (диққат!) максималдан юқори балл тўплаган абитуриентлар ҳам бўлиши мумкин… Аммо бу мантиққа зидку! Тестни 115 фоизга ечиб бўладими? Айрим ўқув юртлари битирувчиларига имтиёз бериш орқали биз ушбу мактабларга ўқишга киришлари учун сохта шов-шув кўтарган, коррупцияга йўл очган ва шу билан бирга, мазкур ўқув масканлари ўқувчиларининг шаштини туширган бўламиз («Менда имтиёз бор, шундоқ ҳам университетга кираман, яхши ўқиб нима қилдим?»)

Қонун нуқтайи назаридан. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Конституцияга биноан «имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиши ва ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ бўлиши керак» (18-модда), шунингдек «болалар ота-оналарининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенг» (65-модда) эканлигини эслатиб ўтади. Агар, масалан, етим болалар ва имконияти чекланган шахслар учун университетда қўшимча жой ажратишни ижтимоий адолат тамойили билан изоҳлаш мумкин бўлса, унда ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига имтиёзлар берилишини қандай изоҳлаш керак? (Айтганча, божхона ходимларининг фарзандлари учун ҳам шундай имтиёзларни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилган).

Бундан келиб чиқадики, барча болалар тенг, аммо айрим ота-оналарнинг фарзандлари бошқаларига қараганда тенгроқ, шундайми? Нима учун, масалан, ўқитувчилар, шифокор ёки журналистлар фарзандлари учун имтиёз олишга лойиқ кўрилмайди? Ахир, ҳар қандай касб эгасининг меҳнат фаолияти мамлакат равнақи ва фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этмайдими? Ота-оналарининг фаолиятига асосланибгина айрим касб эгалари фарзандларига имтиёз бериш орқали биз болаларга ҳамма ҳам тенг ҳуқуқли эмаслигини ўргатяпмиз ва уларнинг мурғак онгидаги барча минбарларда жаранглаган «қонун олдида тенглик» тамойилига бўлган ишончини бутунлай сўндиряпмиз.

Илмий асосланганлик нуқтайи назаридан. Имтиҳонлар тўғрисидаги фан тест орқали синовдан ўтказиладиган билим ва кўникмаларга алоқаси бўлмаган омиллар тест натижаларига таъсир кўрсатмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишни талаб этади. Имтиҳон муайян қарорни қабул қилиш учун ўтказилади ва бу қарорлар фақат тест синовларида текширилаётган кўникма ва малакаларга асосланган бўлиши керак. Бизда эса, абитуриентнинг ўқишга кириш-кирмаслиги, унинг давлат гранти ёки тўлов-шартнома асосида ўқиши кўплаб омилларга боғлиқ: жинси, ота-онасининг касби, муддатли ҳарбий хизматни ўтганлиги, қайси таълим муассасасини тугатганлиги, яшаш жойи ва ҳоказо. Буларнинг ҳеч бири на тестда синовдан ўтган малака ва кўникмалар билан, на келажакдаги мутахассислик билан боғлиқ.

Мамлакатнинг Бош қомуси ва тестология фани қоидаларига зид бўлган улкан, мантиқсиз имтиёзлар тизими ёш авлоднинг адолатга ишончини йўққа чиқаради, олий ўқув юртларига келажакда малакали мутахассис бўлиб етишиши мумкин бўлган энг муносиб номзодларни қабул қилишга тўсқинлик қилади. Имтиёзчиларнинг аксарияти қўшимча квота бўйича ўқишга қабул қилинади ва гўё билимли абитуриентларга «халақит бермайди», дея эътироз билдиришлари мумкин. Аммо давлат бюджети чегарасиз эмас — қўшимча квоталар ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқаларнинг талаба бўлиш имкониятига таъсир кўрсатади: умумий «қозон»дан ажратилган бу қўшимча квоталар бўлмаганида, умумий рўйхатдаги ўринлар сони бироз кўпроқ бўлиши мумкин эди. Барча қонун олдида тенг бўлган, ҳар ким ўз ишини сифатли бажарадиган, шу билан ўзи ва бутун жамият фаровонлигини таъминлайдиган ҳуқуқий давлатга интилар эканмиз, бундай тизимдан воз кечишимиз зарур.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.