Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга хотин қизлар давлат ОТМларига ўқишга қабул қилинади. Йилига 500 та квота ажратилади. Бу ҳукуматнинг 9 июндаги [322-сонли] қарорида тасдиқланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга мувофиқ, ариза топширувчи аёл-қизлар олий маълумотга эга бўлмаслиги керак ва улар фақат тўлов-контракт асосида таълим олишга қабул қилинади. Ўқишга қабул қилиш оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаси асосида амалга оширилади.

Тавсиянома олиш учун талабгор қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:

  • ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши;
  • ️тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги;
  • ️ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши.

Қарорга кўра, тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил давомида фақат бир марта ОТМга қабул қилиниши учун амал қилади. Шунингдек, тавсиянома олиш учун талабгор доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига ҳар йили 1 майдан 1 июнгача ариза билан мурожаат қилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ариза ва ҳужжатлар 7 июнгача кўриб чиқилади. Шунга кўра, ишчи гуруҳ хулосаси 10 июнгача қўмитага тақдим қилинади. Ҳужжатлар қўмита томонидан 14 июнгача кўриб чиқилиб, тавсиянома бериш ёки уни рад этиш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Охирги босқичда эса ишчи гуруҳ 15 июнгача тавсиянома талабгорларга етказилишини таъминлайди.

Тавсияномага эга хотин-қизлар учун танловлар умумий тартибда давлат ОТМнинг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синови, касбий (ижодий) имтиҳон) доирасида ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари якунига кўра талабаликка тавсия этилмаган, бироқ тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган баллни тўплаган тавсияномага эга хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.

Аниқлик киритиш лозим, бу қарор мактабни тугатиб ўрта маълумот билан ишлаётганларга эмас, балки коллеж ёки техникумни тугатганлар учун амал қилади.