Июнь ойининг иккинчи ярмида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши кутилмоқда. Бу ҳақда ҳозирда Озарбайжонда бўлиб турган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Президент ташрифи арафасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Озарбайжон давлат туризм агентлиги ҳамкорлигида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун Озарбайжоннинг маданияти, тарихий ва маданий объектлари, қолаверса, урф-одати, анъаналари билан яқиндан таништириш мақсадида мазкур давлатга саёҳат ташкиллаштирилди.

Ушбу инфотур доирасида журналистлар Диаспора билан ишлаш бўйича давлат қўмитасида ҳам бўлишди. Қўмита раҳбари ўринбосари Фаик Гулиев суҳбат чоғида Озарбайжон раҳбарининг ташрифига ҳам тўхталиб ўтди.

«Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 21−22 июнь кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан боради», — деди Фаик Гулиев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган, ташриф доирасида эса ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 14−15 октябрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти (ўша вақтда Туркий кенгаш)нинг навбатдаги саммитида қатнашиш учун Бокуга борганди. Ўшанда президент Илҳом Алиев билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганди.

2021 йилнинг апрелида Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ ҳудудининг Озарбайжонга қайтарилганлигини «тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба» дея таърифлаганди. Ўзбекистон ҳудуддаги кўҳна обидалар ва маданият масканларини тиклаш ишларига кўмак беришга тайёрлиги билдирилганди.

2021 йилда Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қуриб беришни режалаштираётгани айтилганди. Ҳудуддаги тикланиши лозим бўлган объектлар рўйхати белгиланмоқда, уларни реконструкция қилишга ўзбекистонлик қурувчилар жалб қилинади.