Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитида Тоғли Қорабоғ масаласига тўхталди.

«Бугунги фурсатдан фойдаланиб, Озарбайжон Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиев ва озарбайжон халқини, Тоғли Қорабоғ ҳудудини қайтариб, тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклайман», — дея таъкидлади у.

Президент Ўзбекистон Тоғли Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.

Маълумот учун, Тоғли Қорабоғдаги вазият 27 сентябр куни кескинлашиб, Арманистон ва Озарбайжон жанговар ҳаракатларда бир-бирларини айблаб келишган эди. 10 ноябрь куни Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши тўғрисида баёнот имзоланди. Унга кўра, Боку Тоғли Қорабоғда эгалланган бир нечта ҳудуд устидан назоратни қўлга олди. Улар орасида Қорабоғнинг маданий пойтахти Шуши ҳам бор.