Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бокуга келгач, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу борада биринчи галдаги вазифаларни белгилаб олдилар. Мамлакатлар етакчи компаниялари ва тадбиркорлари даражасида ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.

Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилгани билан табриклаб, бу, шубҳасиз, икки томонлама муносабатларни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашини қайд этди.

Давлат раҳбари саммит юксак даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади ва Озарбайжоннинг ташкилотда муваффақиятли раислик қилишини тилади. Учрашув якунида президентлар кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Бокуга келди. Саммитнинг асосий тадбирлари 15 октябрга мўлжалланган.