Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига кўра келин-куёв ўртасида ўтказилган ўйинда куёв ютқазганига чидай олмай, келинчагини урган тўй маросими тафсилотларини маълум қилди. Қўмита маълумотларига кўра, воқеа шу йилнинг 6 июнь куни Р.Х.нинг никоҳ тўйида содир бўлган.

Узун туманидаги «Толтўғай» маҳалласида яшовчи Р. Х. (12.09.1997 й. т.) ва А. Д. (08.03.2003 й. т.) ўртасида ўтган никоҳ тўйи куёвнинг уйида бўлган. Жуфтликнинг дўстлари келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик бериб, уни ким биринчи бўлиб очиш («Сюрприз» ўйини) ўйинини ўтказган. Унда келин биринчи бўлиб ширинликни очади ва ғалаба қозонади. Бундан ғазабланган куёв унинг бошига бир марта уради. Шундан сўнг тўй давом этиб, ҳеч қандай кўнгилсиз ҳолат содир бўлмаган ва ҳеч қаерга мурожаат қилинмаган.

Узун тумани ИИБ воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бориб, келин-куёв ҳамда уларнинг ота-оналари билан «профилактик суҳбати» ўтказди, дейилади қўмита хабарида.


«Фуқаро Р. Х.нинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжудлиги сабабли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган маълумотлар Жиноят ишлари бўйича Узун туман судига юборилди», — дейилади қўмита хабарида.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик — БҲМнинг 3−5 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади) билан маъмурий иш қўзғатилди.

Аввалроқ мазкур ҳолат акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқлар ва ҳатто хорижий ОАВларда кенг муҳокама қилингани хабар қилинган эди. Жумладан, бу ҳақда Германиянинг Bilt нашри ҳам ёзди.

«Баъзилар учун бу ажойиб кун ва бахтли оилавий ҳаётнинг бошланиши. Аммо дунёдаги кўплаб аёллар учун бу никоҳ дўзахига саёҳат қилиш учун фақат бошланғич сигналдир! Худди ўзбекистонлик мана бу жуфтликда бўлганидек», — дейилади мақолада.

Шунингдек, Жанубий Кореянинг JTBC телеканали ҳам ўз эфирида видеони намойиш қилди.