Футбол бўйича Осиё кубоги-2023 саралаши доирасида Фаластин миллий терма жамоаси Филиппинни мағлуб этди. Бу эса Ўзбекистон МТЖга сўнгги турда Таиланд билан баҳсдаги ҳисобидан қатъий назар Осиё кубогига йўлланмани тақдим этади.

Осиё кубоги-2023 саралаш босқичи регламентига кўра, олтита гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган жамоалар ва энг яхши бешта иккинчи ўрин эгаси мусобақа йўлланмасини қўлга киритади.

4 очкога эга Филиппин B гуруҳидаги сўнгги тур ўйинида Фаластинга 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйди. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса ҳозирча 1 очкога эга Яман ҳали очко жамғармаган Мўғулистон билан ўйнайди. Ушбу ўйин натижасидан қатъи назар энди ушбу гуруҳда 2-ўринни эгаллаган жамоа 4 очкодан кўп жамғара олмайди. Шу тариқа бу гуруҳдаги энг яхши иккинчи ўрин эгаси максимум 4 очко билан кифояланадиган бўлди.

Натижада қолган гуруҳлардаги 6 очко тўплаган жамоалар, жумладан, Ўзбекистон ҳам 3-тур олдидан муддатидан аввал қитъа чемпионатига йўлланма олишди — Иордания, Ўзбекистон, Таиланд, Ҳонконг, Ҳиндистон, Баҳрайн, Тожикистон, Қирғизистон.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари ўртасидаги баҳс 14 июн куни соат Намангандаги «Марказий» стадионида 20:30 да старт олади.