Ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги «Ўрикзор» бозори ҳудудида иссиқ сув трубаси ёрилиши натижасида бозор ҳудуди сув билан қоплангани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳозирда барча коммунал тизимларда куз-қиш мавсумига синов-тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, иссиқ сув трубаси ёрилган ушбу бозор ҳудудидан ўтган тармоқда ҳам катта босимда синов ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли диаметри 800 мм бўлган магистрал иссиқлик тармоғида қувур ёрилиши кузатилган. Натижада савдо мажмуаси ҳудудида ер остидан иссиқ сув тошиб чиққан.

«Тошиссиққуввати» ДУК иссиқ сув оқиши тўхтатилганини маълум қилди. «Айни пайтда аниқланган носозликни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Вазият коммунал соҳа масъуллари назоратида», дейилади хабарда.