Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани «Лангар» МФЙ, «Лангар» қишлоғида яшовчи фуқаронинг 6 ёшли боласи 12 июнь куни тушги пайт 200 диметрли сувсиз артизан қудуққа тушиб кетган. Фуқаро вилоят ФВБга мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бола кеча тахминан соат 13:30 ларда дала майдонида қазилган қудуққа тушиб кетган.

Воқеа жойига зудлик билан вилоят ФВБ қутқарувчилари ва тегишли хизматлар куч-воситалари етиб борган. Қутқариш ишларига ФВБнинг махсус техникалари, экскаватор, грейдер ва бошқа техникалар жалб этилган, дейилади хабарда.

Вазирлик эълон қилган видеодан кўриш мумкинки, қудуққа ён томонидан қазув ишлари олиб борилган.

Олиб борилган махсус қутқариш операцияси натижасида бола бугун, соат 10:25 да қутқариб олинган. Маълум бўлишича, чуқурлик 25 метрни ташкил этади. Айни вақтда боланинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

«Бола малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган», дейилади ФВВ хабарида.

ФВВ матбуот хизматининг қўшимча қилишича, махсус қутқарув операциясида «Қалқама» маҳалласида яшовчи 109-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Озодбек Йўлдошев ҳам қатнашган.

«Кичик қаҳрамон қутқарувчи акалари ва махсус асбоб-анжомлар ёрдамида қудуқнинг тор туйнугидан мардонавор ўтиб, болакайни олиб чиқди», — дейилади маълумотда.


Фото: ФВВ матбуот хизмати.

Озодбекга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги миннатдорлик билдирган.

Қутқариб қолинган бола эса ҳозирда шифокорлар назоратида ва ўз ота-онасининг бағрида эканлиги маълум қилинди.