13 июнь куни эрталаб Human.uz сайти раҳбари Хуршид Далиев нашр журналисти Жавоҳир Абдуллаевнинг «Янги бозор»даги шакар савдосини телефон орқали тасвирга туширишига Андижон ички ишлар органларининг Илёс исмли ходими тўсқинлик қилгани ҳақида хабар берди.

Журналистнинг сўзларига кўра, ички ишлар ходими суратга олиш ноқонуний эканлигини айтиб, куч ишлатган ва мобиль қурилмани олиб қўйган. Журналистга куч ишлатилган пайт ҳам ҳолат видеога олинган ва ходим журналистдан ёзувни ўчириб ташлашни талаб қилган.

Воқеа юзасидан Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, «шакар сотиш жараёнида фуқаро Ж.Абдуллаев одамларни навбатини ва ўзаро гап талашаётганликларини тасвирга олиш вақтида, фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган».

«Жамоат тартибини бузилишини олдини олиш мақсадида, бозор ҳудудига бириктирилган ички ишлар органлари ходими томонидан фуқаро Ж.Абдуллаевга фуқароларни розилигисиз уларни тасвирга олмаслик тушунтирилган», — деди ИИВ матбуот котиби.

Ҳозирда, шакарга навбатда турган «фуқаролар ва Ж.Абдуллаев ўртасидаги зиддиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа иштирокчилари ИИБга олиб борилган», дея қайд этди у.

Хуршид Далиев бунга жавобан журналист суратга олишни бошлаши билан ички ишлар ходими телефонни тортиб олганини маълум қилди. Фуқароларнинг ҳеч бири орган ходимига журналистнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят билан мурожаат қилмаган, буни видеоёзув ҳам исботлаш мумкин, «агар мажбуран ва қонунга хилоф тарзда ўчиртирилмаса». Бундан ташқари, фуқаролар ва журналист ўртасида ҳеч қандай низо бўлмаган, деди у.

«Вазирлик матбуот хизмати (ИИВ — таҳр.) қачонгача ходимлари учун адвокатлик вазифасини бажаради? Ходимлари деганига эмас, видеоисботга (агар ўчиртиришмаса) ишонишса бўлмайдими?» — дейди сайт раҳбари.

Унинг қайд этишича, бозордаги бир қанча харидорлар ва сотувчилар ҳам телефонни тортиб олинганига гувоҳ бўлишган ва шакар муаммосини ёритишни ўзлари сўрашган.

Соат 11:32 да Хуршид Далиев телефон ҳалигача журналистга қайтарилмаганини айтди ва 12:31 да у билан алоқаси йўқлиги сабабли ходимидан хавотирда эканлигини ёзди. Соат 13:30 да сайт раҳбари журналистга телефон қайтарилгани ва у боғланганини хабар қилди.

Жавоҳирбек Абдуллаевнинг соат 14:00 да ёзишича, «ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг баёнотидан фарқли равишда айни вазиятда жабрланувчи у эканлиги тасдиқланиб, қўйиб юборилган».

У шунингдек, вазиятга бефарқ бўлмай, зудлик билан матбуотда ёритган барча блогер ва журналистларга миннатдорчилик билдирган. Қолаверса, «барча журналист ва блогерлар доимо шундай бир-бирларини қўллаб-қувватлашини ва қонунлар доимо ишлашини тилаб қолган».

Муносабатлар

Депутат Расул Кушербоев ҳолатга муносабат билдирар экан, журналист воқеа ходисаларни тасвирга олишда умумий фондаги фуқароларнинг ҳар бирини юзини тасвирга тушишига улардан рухсат олиши қонунда йўқлигини таъкидлади.

«Кимки истамаса, камерадан юзини буриши мумкин. Ёки видео тарқатилишидан олдин журналистдан ўзининг юзини кўрсатмасликни сўраши мумкин. Ахборот тўплаб, тарқатиш журналистнинг профессионал фаолияти ҳисобланади. Фуқаронинг сўрови қониқтирилмаган тақдирда фуқаро бу бўйича фуқаролик судига мурожаат қилишга ҳақли», — деди депутат.

У журналистдан видеоёзув мосламасини олиб қўйган ходимларнинг қилмишларини Ички ишлар вазирлигининг оқлашини «абсурд ва мантиқсиз», деб атади.

«Бундай услуб ички ишлар тизими обрўсини оширмайди, билъакс тўкади. Балки вазирни шахсан ўзлари бунга эътибор қилиши керакдир», — қайд этди парламент аъзоси.

Душанба куни эрталаб Sevimli телеканали тасвирчиси ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда телеканалнинг ўзи маълум қилди, бироқ Шоҳрух Ғиёсов Ички ишлар вазирлиги номидан бу маълумотни рад этиб, оломон ичидаги жанжал оқибатида тасвирчи жароҳатланганига ишонтиришга уринди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов журналистлар билан бўлган ҳар икки ҳодисага изоҳ берар экан, ИИВ нима бўлганига ойдинлик киритиб, айбдорларни жазолаши кераклигини қайд этди.

«Безорини матбуотдан ажрата олмайдиган [ИИБ] ходимлар фақат тизим учун зарар», — деди у.

Комил Алламжонов, шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (бир вақтлар у раҳбарлик қилган) ва Журналистлар уюшмасини журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол бўлишга чақирди.

Аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Sevimli оператори билан юз берган ҳодисани қоралаб, барча давлат идораларини журналистларни ҳурмат қилишга чақирганди.