Май ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси (REER) апрель ойига нисбатан 1,8 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки шарҳида қайд этилди.

Номинал алмашув курси — давлат валютасининг бошқа валютадаги қиймати ёки валютани айирбошлаш мумкин бўлган жорий курс. Реал самарали алмашув курси (REER) — асосий савдо-ҳамкор мамлакатлар валюталарига нисбатан номинал алмашув курсларини ҳам, тегишли мамлакатлардаги нархлар даражасининг нисбатини ҳам ҳисобга олувчи индексдир.

Кўрсаткич кетма-кет учинчи ой пасайиб бормоқда — февраль ойидан буён у тахминан 8% йўқотди. 2021 йилнинг шу даврига нисбатан миллий валюта курси 1,9 фоизга қадрсизланди.

Марказий банк маълумотларига кўра, сўмнинг реал алмашув курсининг пасайиши биринчи навбатда ички инфляция (1%), шунингдек, ҳамкор мамлакатларда валюта курсларининг кўп йўналишли ўзгариши (3,6%) билан боғлиқ.

Ички инфляция REER қадрсизланишини 1 фоизга, сўм курсининг ўзгаришини эса 1,7 фоизга сақлаб қолди.

Май ойида асосий савдо ҳамкор-давлатларининг валюта курслари АҚШ долларига нисбатан турли динамика кўрсатди:

  • Россия рубли 19 фоизга қимматлашди. Россия банки 27 май куни асосий ставкани 14 фоиздан 11 фоизга туширди;
  • Қозоғистон тенгеси хорижий валютага талабнинг барқарорлашуви ва рублнинг мустаҳкамланиши фонида 5 фоизга қимматлашди;
  • юқори инфляциянинг давом этиши ва нефт маҳсулотлари нархининг ошиши туфайли турк лираси 6 фоизга қадрсизланди;
  • Хитой юанининг алмашув курси коронавирус чекловлари ва иқтисодий фаолликнинг секинлашиши туфайли 4 фоизга қадрсизланди.

Май ойида деярли барча ҳамкор мамлакатларда инфляция ўсишда давом этди. Хусусан, прогнозларга кўра, Россияда ойлик нархларнинг ўсиши мева-сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, арзон қурилиш материаллари нархларининг мавсумий пасайиши туфайли 0,17% гача секинлашиши керак (натижада бу кўрсаткич 0,12%ни ташкил этади). Шу билан бирга, йиллик инфляция юқори даражада сақланиб қолмоқда — 17%.

Қозоғистонда ойлик инфляция 1,4 фоизни ташкил этган бўлса, йиллик ҳисобда 14 фоизга етди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 11,9 фоизга ва хизматлар 9,1 фоизга қимматлашган.

Туркияда ҳам нархлар тез ўсишда давом этмоқда. Ойлик инфляция 3 фоизни, йиллик инфляция 73,5 фоизни ташкил этди. Нархларнинг ошишига асосан нефт маҳсулотлари ва импорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг кўтарилиши катта ҳисса қўшган.

Ҳақиқий валюта курсига нима таъсир қилади?

Асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг мустаҳкамланиши сўмнинг ушбу валюталарга нисбатан реал курсини пасайтиради. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам ташқи, ҳам ички бозордаги рақобатбардошлигини оширишга ижобий таъсир қилади, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига турли каналлар орқали таъсир кўрсатмоқда.

Биринчидан, юқоридаги валюталарнинг мустаҳкамланиши маҳаллий экспортчиларнинг маҳсулотларини арзонлаштиради ва уларнинг валюта тушумларини оширади.

Иккинчидан, ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарлар нарх-навоси хорижда ишлаб чиқарилган товарлар билан рақобатбардош бўлиб, бу мамлакатлардан импорт қилиш рағбатини, шунингдек, валютага бўлган талабни камайтиради.

Учинчидан, рубль ва жисмоний шахсларнинг трансчегаравий пул ўтказмаларининг асосий оқимларини ташкил этувчи бошқа валюталарнинг мустаҳкамланиши ушбу ўтказмалар ҳажмининг ошишига олиб келиши мумкин.

REER`нинг мустаҳкамланиши, аксинча, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорларда рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади ва кўпинча савдо тақчиллигининг ошишига хизмат қилади.

Марказий банк асосий ставка 16 фоизгача пасайтирилгач, май ойида сўмнинг реал алмашув курси ўзининг узоқ муддатли тенденциясига яқинлашганини (2019 йил сентябрига нисбатан 2 фоизга мустаҳкамланган) ва ташқи рақобатбардошликка салбий таъсир кўрсатмайдиган динамикани намойиш этганини қайд этди.