Марказий банк бошқаруви 9 июндаги йиғилишда асосий ставкани 1% бандга пасайтириб, йиллик 16% даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор «ташқи иқтисодий хатарларнинг қисқа муддатли салбий тўлқинларининг ортда қолганлиги, апрель-май ойларида ички валюта бозорининг барқарорлашуви, валюта оқимлари ва миллий валютадаги муддатли депозитлар ўсувчи динамикасини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди», дейилади пресс-релизда.

Регуляторга кўра, асосий ставканинг пасайтирилиши инфляцион хатарларни жиловлашга йўналтирилган «қатъий» пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда ташқи хатарлар учун қўшилган қўшимча юкламани нейтраллаштиришга қаратилган.

Ташқи иқтисодий шароитлар

Мамлакат иқтисодиёти асосий савдо-ҳамкорларда кузатилган хатарли вазиятнинг ёмонлашуви натижасида қисқа муддатли салбий тўлқинларни бошдан кечирди ва дастлабки баҳолашлардан фарқли равишда сўнгги икки ойда ижобий тенденциялар кузатилмоқда, дея қайд этади Марказий банк.

Хусусан, ташқи савдо операциялари ҳажмлари ва пул ўтказмаларнинг юқори суръатларда тикланиши ички валюта бозорида таклифни кўпайтириб, мос равишда сўм қадрининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Январь-март ойларида мамлакатга ўртача ойига $490 млн пул ўтказмалари кириб келган бўлса, апрель-май ойларида бу кўрсаткич $1,3 млрдга етди. Ойлик экспорт тушумлари ҳажми январь-март ойларига нисбатан 1,3 баробарга ошди, экспорт тушумлари ҳисобидан ички валюта бозорида сотилаётган маблағлар миқдори 1,4 баробарга кўпайди.

Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 2022 йил март ойининг биринчи ярмида ўзининг юқори даражасига етиб, йил бошига нисбатан 6,8 фоизга қардсизланган бўлса, март ойининг иккинчи ярмидан бугунги кунга қадар 5,1 фоизга мустаҳкамланди. Натижада, сўмнинг йил бошидан қадрсизланиши 1,6 фоиз доирасида шаклланди.

Умуман олганда, май ойи якунлари бўйича сўмнинг реал алмашув курси ўзининг узоқ муддатли трендига яқинлашди (2019 йил сентябрь ойидаги даражага нисбатан мустаҳкамланиш 2 фоиз) ва ташқи рақобатбардошликка салбий таъсир кўрсатмайдиган динамика ҳосил қилмоқда.

Айни пайтда, олтин валюта захираларининг «нейтраллик тамойили» бўйича Марказий банк томонидан ички валюта бозорига апрель-май ойларида, сўм алмашув курснинг қисқа муддатда кескин мустаҳкамланиб кетишини олдини олиш максадида бозордан $523 млнлик валюта маблағлари сотиб олинди.

Умуман олганда, йил бошидан ички валюта бозорига интервенция қилинмаган миқдор қарийб $1 млрдни ташкил этади ва келгусида алмашув курсининг барқарорлигини таъминлашга қўшимча манба бўлиб хизмат килади.

Шу билан биргаликда, йил сўнгигача жаҳон иқтисодиётида макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқлик ва хатарлар сақланиб қолмоқда.

Иқтисодий фаоллик

Сўнгги ойларда тижорат банклари томонидан иқтисодиётни кредитлаш фаоллиги ва суръатларида бироз секинлашиш кузатилмоқда, дейилади пресс-релизда.

2022 йил май ойи якуни бўйича иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 17,4%ни ташкил этиб, кутилаётган ЯИМ номинал ҳажмининг ўсиш суръатидан маълум даражада паст шаклланмоқда.

Шунингдек, иқтисодиётга йўналтирилаётган кредитлар миқдори жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилга нисбатан 13,6%га ўсган бўлса, январь-май ойларида ўсиш суръати 8,8%гача секинлашди.

Марказий банк кузатувларига кўра, сўнгги икки ойда иқтисодиёт тармоқларида фаоллик индекси март ойидаги 54 дан май ойида 53 бандгача пасайганлиги қайд этилди. Бунда, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида фаолликнинг биринчи чоракка нисбатан маълум даражада сусайиши кузатилди.

Ички нархлар динамикаси ва инфляцион кутилмалар

Май ойи якуни бўйича йиллик инфляция даражаси 11%ни ташкил қилди ва прогноз траекторияси доирасида бўлди.

Бунда, таркибий жиҳатдан ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йиллик ўсиши 10,3%ни ва хизматлар нархлари — 6,2%ни ташкил этиб, умумий инфляциядан паст даражада шаклланди. Озиқ-овқат товарлари гуруҳидаги нархлар динамикаси ташқи бозорлардаги нархларга ҳамоҳанг ўсувчи характерга эга бўлмоқда.

Марказий банкнинг қайд этишича, мева-сабзавотлар гуруҳидаги маҳсулотлар нархларида мавсумий пасайишлар, умумий инфляцияга камайтирувчи аҳамият касб этаётган бўлса, айрим турдаги асосий озиқ овқатлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўсиш кузатилмоқда.

Юзага келаётган инфляцион жараёнлар кўпроқ таклиф омиллари билан боғлиқ бўлиб, минтақадаги жорий геосиёсий вазиятнинг маҳсулот етказиб бериш, транспорт-логистика жараёнларига салбий таъсирини ўзида ифода этади.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ойлик кутилмалари жорий йил апрель ойида сезиларли даражада пасайиш кузатилган бўлса, май ойида тартибга солинадиган нархлар (энергоресурслар ва ғалла нархини эркинлаштириш) билан боғлиқ ўзгаришлар бўйича информацион оқимлар натижасида қисқа муддатли инфляцион кутилмаларни ошиши кузатилди.

Ёз ойларида мева ва сабзавотлар нархлари янада арзонлашишини, сўнгги ойларда кузатилган сўм алмашув курсининг нархларга ўтказма таъсирларининг пасайтирувчи хусусият касб этиши ва кутилаётган тариф эркинлаштиришларини инобатга олиб жорий йил якунлари бўйича инфляция прогнози 12−14% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Ички бозорларда нархларни мувозанатлаштириш мақсадида давлат томонидан истеъмол бозорларида маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, логистик қийинчиликларни бартараф этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали асосий истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш бўйича чоралар кўриб борилмоқда.

Пул-кредит шароитлари

Апрель-май ойларида пул бозоридаги амалиётлар бўйича ўртача фоизлар 18% атрофида шаклланиб, қисқа муддатли ресурслар бозорида «қатъий» пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган фоиз ставкалари (21−23%) аҳолининг инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовутда шаклланиб, миллий валютада жамғаришнинг жозибадорлигини таъминламоқда.

Март ойида кузатилган миллий валютадаги депозитларнинг вақтинчалик пасаювчи суръати апрель-май ойларида тўлиқ ўсувчи тенденцияга ўзгарди ва аҳолининг муддатли депозитлари ҳажми йил бошига нисбатан 22,4%га ўсди.

Шу билан бирга, сўнгги икки ойда муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши кузатилмоқда. Бу, асосан, аҳоли томонидан трансчегаравий пул ўтказмалари орқали келган хорижий валюта маблағларини банкларга сотиш ҳажмининг ошиши ва бир марталик ижтимоий ёрдам пулларини май ойида тўланиши билан изоҳланади. Хусусан, ўтган беш ойда банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут $1,5 млрдни ташкил этди.

Миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалар ўртача 22−23% доирасида шаклланди.

Мароиқтисодий кутилмалар

Мамлакатга экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва тўғридан-тўғри инвестициялар орқали кириб келаётган валюта оқимлари ички валюта бозорида таклифни қўллаб-қувватлаб, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда сўм алмашув курсининг барқарорлашувига хизмат қилиши кутилмоқда. Валюта курсининг барқарорлиги, ўз навбатида, нархларга нисбатан «импорт инфляцияси» таъсирини юмшатувчи аҳамиятга эга бўлади.

Йил охирига қадар миллий валютадаги активлар жозибадорлигини ошириш ҳамда банк тизими умумий ликвидлигини тартибга солишга эришиш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:

  • ликвидликни жалб этишга қаратилган овернайт депозит операциялари ва икки ҳафталик депозит аукционлари чекловларсиз амалга оширилади;
  • Марказий банк томонидан муомалага чиқариладиган қисқа муддатли облигациялар ойлик ўртача қолдиғи бўйича лимитлар 25 трлн сўмгача етказилади;
  • тижорат банклари томонидан аукционларда харид қилинадиган Марказий банк облигациялари бўйича даромадлилик асосий ставканинг юқори чегараси даражаси сақлаб қолинади.

Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлари иккинчи чорак якунлари бўйича янгиланади. Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши 21 июль санасига белгиланди.