Ўзбекистоннинг барча ҳудудида қурилишлар сабаб ҳавонинг майда заррачалар билан зарарланиши долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзгидромет бош директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримов сешанба куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Биз Тошкентда яшаганлигимиз учун кўпроқ Тошкент муаммоси ҳақида гапирамиз. Аслида барча ҳудудларда ҳам атмосфера ҳавосининг майда заррачалар, чанглар билан ифлосланиши биз учун муаммо. 5−10 йилдан кейин қурилишлар тўхтайди, амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида атмосфера ҳавойимиз яхши бўлади дея оламан. Лекин [Ўзгидромет] хизматимиз нуқтаи назаридан хаттоки об-ҳаво маълумотларини ҳам 6 кунга прогноз қиламиз. Йиллар давомида прогноз қила олмаймиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили экилаётган кўчатлар ўсиб, катта бўлади ва шаҳарлар ҳавоси яхшиланади.

Ибратжон Каримов. Фото: АОКА.

«Тенденция шуни кўрсатадики, қурилишлар барибир бир кун тўхтайди. Шу нуқтаи назарда 5−10 йилдан кейин сўрасангиз, мен ҳам инсон, ҳам мутахассис сифатида айтаман, шаҳар ҳавоси яхши бўлади. Ўзгидромет раҳбари ўринбосари сифатида айтаман, об-ҳавони 6 кунлик прогноз қилсак, чангни эса прогноз қилишнинг иложи йўқ. Яхши бўлишига умид қиламиз», — деди Ўзгидромет вакили.

Атроф-муҳитнинг табиий ифлосланиши мониторинги ва иқлим ўзгариши бўйича ваколатлари орган вакили сифатида Ибратжон Каримов Ўзбекистонда стандарт мавжуд эмаслигини қайд этди. Шу боис алоҳида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилди.

«Шу стандарт, яъни меьёрни ўрнатганимиздан кейин биз учун [ҳаммаси] ойдинлашади. Чунки PM2,5 бўйича стандартимиз умуман йўқ. PM10 яъни, ундан юқорироқ заррачалар бўйича стандартимиз 500. Жаҳон стандартлари эса 20, лекин улар ўзларининг мўтадил иқлимлари учун ишлаб чиқилган. Европада деярли чанг йўқ. Мана шу ерда бизда тафовут бор», — деди у.

Бу тафовутни лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар билан бартараф этиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 24 августида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаева Тошкентда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келмоқда, дея маълум қилганди. 2018 йилда ушбу кўрсаткич 60 кв. м экани айтилганди. Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткични Лондон даражасига олиб чиқиш учун қарийб 1,5 млн туп «сифатли дарахтлар» экилиши керак.