ДХХ ходимлари томонидан Андижон ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Андижон вилоятидаги ҳолатда Асака туманидаги пиллачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзининг 1988 й.т., муқаддам судланган қариндоши билан мазкур МЧЖга тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини сотишга уринди. У ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса 180 минг доллар талаб қилганлиги айтилмоқда.


У сўралган пулдан 120 минг долларини қариндоши орқали олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Давлат кадастрлари палатасининг Пайариқ туман филиали мутахассиси муқаддам ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 3 гектар лалми ер майдонини сотишга уринди. Таъкидланишича, аслида мазкур майдон маҳаллий ҳокимлик захирасида бўлган.

Гумондор узумзор ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорга ҳар бир гектар ерни 60 млн сўмдан жами 180 млн сўмга сотишга келишади. Шунингдек, мазкур ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ҳам талаб қилади, дейилади ДХХ хабарида.


У сўралган пул маблағларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Самарқанд туманида кузатилган ҳолатда эса 1986 й.т. шахс иссиқхона қуриш учун бошқа бир фуқаро номига расмийлаштирилган 50 сотих ер майдонини ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 70 минг доллар олган вақтида ушланди, дейилади хабарда.

Бошқа бир ҳолатда, Пастдарғом туманида яшовчи, 1968 ва 1972 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорнинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 70 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 65 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 32 минг доллар олган вақтларида ушланган.


Шунингдек, Оқдарё туманида истиқомат қилувчи, 1990 й.т. шахс Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 5 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилади.


У сўралган пулдан 25 минг долларини олган вақтида ушланган, дейилади хабарда.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.