3−5 июнь кунлари Мўйноқда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан «Ватанпарвар» ташкилоти билан ҳамкорликда Rally Muynak — 2022 автомотоспорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, турнир Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, мамлакатда автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилиш мақсадида ташкил этилган.

Бундан ташқари, раллини ташкиллаштириш орқали Мўйноқдада туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарни ва хизмат кўрсатиш соҳасин қўллаб-қувватлаш мақсади ҳам кўзланган.

Қайд этилишича, мусобақаларда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистоннинг шаҳар (туман)ларидан келган 132 та автомотоспорт усталари 5 та йўналишда куч синашади.

Ўз навбатида, 3−4 июнь кунлари А-8 ва А-9 автомобиль класслари бўйича мусобақаларда спортчилар Мўйноқ шаҳри — Орол денгизининг ҳозирги қирғоғигача 415 км масофани босиб ўтади, мотоцикл ва багги йўналишидаги мусобақалар Мўйноқ шаҳрининг ўзида кросс кўринишида ташкил қилинади. Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими 5 июнь куни ўтказилади.