Бугунги кунда Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга кўплаб имкониятлар яратилиб келинмоқда. Биргина чарм-поябзал йўналишида ҳам кун сайин катта ўзгаришлар бўлмоқда. Ўзбекистон тадбиркорлари энг ривожланган, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида доимий ишлар олиб борилмоқда.

Икки томонлама ҳамкорликларга йўл очиш мақсадида, 17 май куни Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ИТСВ вакиллари Эссен шаҳрида жойлашган Европадаги энг йирик поябзал ишлаб чиқарувчи Deichmann компанияси билан учрашув ўтказди.


Маълумот учун: Компаниянинг дунё бўйлаб 5 мингга яқин дўконлари мавжуд бўлиб, унинг йиллик товар айланмаси 7 млрд еврони ташкил этади. Компания ишлаб чиқаришда асосан сунъий чарм (70%) ҳамда табиий чарм маҳсулотларидан (30%) фойдаланади. Бугунги кунда компания Хитой, Ҳиндистон, Туркия каби мамлакатларда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Учрашув мобайнида, Ўзбекистон чарм-пойабзал соҳасида мавжуд хом-ашё базаси, чет-эллик инвесторлар учун яратилган имкониятлар, ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда немис бренди учун табиий ва сунъий чармдан оёқ-кийимлар ишлаб чиқариш, мамлакат ички бозорини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва қўшни давлатларга экспорт килиш масаласи кўриб чиқилди.


Компания вакилларининг таъкидлашича, ўзбек бозорига кириш мақсадида унинг потенциали ва рақобатбардошлилигини чуқур ўрганиб чиқиш керак. Deichmann компаниясининг фаолиятини бошлаш учун Ўзбекистон бозорида камида 30 та дўкон очиш зарурлиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда компаниянинг бренд савдо-дўконларини ташкил этиш ҳамда бу орқали «fashion-tourism»ни ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида компания вакиллари Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлик қилиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш келишиб олинди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.