Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган Adidas`дан тортиб Zara компаниясигача бўлган халқаро брендлар тез орада уни сотиб олишни тиклаши мумкин. Бу ҳақда National Interest мақоласида айтилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон пахтачиликни тубдан ислоҳ қилди ва унда мажбурий меҳнатга чек қўйилишига эришди, дейилади мақолада. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар эътибордан четда қолмади — март ойида Cotton Campaign халқаро коалицияси пахта бойкотини тўхтатишга чақирди.

Энди Ўзбекистон пахта бозорини аввал тарк этган 331 халқаро компания унга қайтиши мумкин. Гап Adidas, Gap, H&M, IKEA, Marks & Spencer, Tesco, Zara ва бошқа брендлар ҳақида бормоқда.

Бойкот пайтида мамлакат чуқурроқ қайта ишлаш фойдасига пахта хомашёсини экспорт қилишдан воз кечди. Эндиликда маҳаллий кластерлар калава ва газлама ишлаб чиқариш учун хомашёни фермерлардан харид қилмоқда. Кластерлар Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни ва модернизацияни олиб кирмоқда, дейилади National Interest мақоласида.

«Cotton Campaign қарори ўз вақтида қабул қилинди», дейилади мақолада. Энди пахта глобал экспортининг 10 фоизини ташкил этувчи Ўзбекистон жаҳон тўқимачилик бозорига қайтиши ва россиялик харидорларга муқобил савдо бозорларини топиши мумкин бўлади.

Россия ҳалигача Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб, у ўзбек пахтасининг энг йирик импортчиси сифатида йилига 158 миллион куб метрдан ортиқ пахта толасини сотиб олади. Аммо молиявий санкциялар, инфляциянинг ўсиши ва истеъмол бозорининг қисқариши фонида Россиянинг Ўзбекистон билан савдоси ҳам ўзгариши мумкин.

«Вашингтон Россиядан узоқлашиш жараёнини қўллаб-қувватлаш ва тезлаштириш сиёсатини қабул қилишни кўриб чиқиши керак», — дея тавсия берилади мақолада.

Хусусан, Ўзбекистондан тўқимачилик ва бошқа товарларни Умумий имтиёзлар тизимига (GSP) киритиш таклиф қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари Ўзбекистон билан божсиз савдо тўғрисидаги шартномаларни имзолаган эди.