Бугун, 27 май куни мамлакат ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Республика бўйича қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ бўлади. Кундуз куни ҳаво ҳарорати +23…+28 даража атрофида бўлади.

28 май, шанба куни фақат Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб, Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида эса кечаси ва кун давомида ёмғир ёғиши сақланиб туради. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Республиканинг барча ҳудудлари совуқ антициклон таъсири остида бўлади, бунинг ҳисобига ҳарорат фони иқлим меъёридан +6…+9 даражага паст бўлади ва +21…+26 даражадан юқори бўлмайди.

29 май, якшанба куни ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятида ҳамда Фарғона водийси вилоятларида кечқурун момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кечаси ҳаво ҳарорати +10…+15 даражагача пасаяди, кундузи эса +23…+28 даражагача кўтарилади.

27−29-май кунлари республика бўйлаб баъзи жойларда шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучайиши, баъзи туманларда чанг-тўзон тушиши кутилмоқда.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 27−29 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, 27−28 май кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.