Ўзбекистонга пахтасига жорий қилинган чекловларни бутунлай олиб ташланиши ҳамда GSP+ бенефициар мақомини олганлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг 6200 турдаги маҳсулотларини Европа Иттифоқи давлатларига олиб киришда кўплаб енгилликлар тақдим этиб, улар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда.

Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорида ўз харидорини топишга кўмаклашиш мақсадида, 16−18 май кунлари Германия Федератив Республикасида ишчи ташриф билан бўлишди.

16 май куни Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов бош қароргоҳи Германиянинг Дюсельдорф шаҳрида жойлашган Европанинг йирик C&A компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.


Маълумот учун: Ушбу йирик компания Снек шаҳрида ака-ука Клеменс ва Август Бреннинкмеерлар томонидан 1841 йилда Нидерландия тўқимачилик компанияси сифатида ташкил этилган бўлиб, компания номи исмларининг бош ҳарфлари билан аталган.

1910 йилга келиб Нидерландияда ушбу компаниянинг дўконлари сони ўнтага етди. C&А — Нидерландиянинг йирик брендлар сотувчи компанияси бўлиб, Европа бош қароргоҳи Вилвурд (Белгия) ва Дюсселдорф (Германия) шаҳарларида жойлашган. C&А брендлари орасида Angelo Litrico, Avanti, Canda, Clockhouse, Here+There, Palomino, Rodeo (чанғи ва сноуборд кийимлари), Westbury, Yessica, Yessica Pure ва Your Sixth Sense кабиларни ўз ичига қамраб олган.

Европанинг 18 давлатида 1200 дан ортиқ филиаллари ва 25 000 дан ортиқ ходимлари билан C&А Европадаги етакчи мода сотувчилардан бири ҳисобланади. C&А Европадаги дўконларида ҳар куни икки миллиондан ортиқ ташриф буюрувчиларни қабул қилади.

Учрашувда германиялик ҳамкорлар томонидан компания тўғрисида тақдим этилган маълумотларга кўра, C&A компаниясининг бир йиллик даромади 5 млрд еврони ташкил этиб, ундан ўз ичига қамраб олади.

Таъкидланишича, C&A умумий буюртмаларининг деярли ярми Бангладеш мамлакатига тўғри келади. Бундан ташқари, Туркия, Покистон, Хитой, Камбоджа, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда C&A буюртма асосида ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Компаниянинг барча маҳсулотлариниг деярли 60% пахта ва қолган қисми турли хилдаги сунъий толалардан тайёрланади. C&A сотувларининг асосий қисми ЕИ бозорига тўғри келади. Шуни алохида таъкидаш зарурки, пандемия шароитида онлайн-сотувлар охирги 2 йил давомида бир неча бор ўсиб, умумий савдоларнинг 10% ни ташкил қилди.

Учрашув давомида ушбу компания бренд-дўконларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, мамлакатдаги тикув корхоналарини C&А компанияси ишлаб чиқариш занжирига боғлаш масалалари кўриб чиқилди.

C&А вакиллари фикрича, улар буюртма берадиган ҳамкор корхоналарда ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланиши, корхоналарда ишчилар ҳавфсизлиги таъминланганлиги, улар учун зарур ҳолатда тиббий хизматнинг йўлга қўйилганлиги, ходимлар ойлик маошини ўз вақтида олиши каби шартлар бажарилиши муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва экологик тозалигига алоҳида урғу берилади.

Маҳаллий тикув корхоналарни C&А компанияси талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқиш бўйича ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва немис компанияси ўртасида келгусидаги ҳамкорлик режалар белгилаб олинди.

Шуни алохида таъкидлаш лозим, компания мутахассисларни жалб қилган ҳолда 2021 йил сентябрь ойидан буён Ўзбекистон бозорига кириш имкониятлари, бу борадаги тартиб ва қонунчиликни ўрганиб бораётганлиги қайд қилинди. Бунга сабаб, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сўнги йилларда пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар натижаси эканлиги маълум қилинди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.