Ўзбекистонда Халқаро тиббий-санитария қоидалари (IHR 2005) ижросини биргаликда ташқи баҳолаш бошланди. Шу мақсадда Буюк Британия ҳукуматининг соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар бўйича катта маслаҳатчиси доктор Марк Салтер бошчилигидаги экспертлар гуруҳи Тошкентга етиб келди.

Экспертлар миссияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар берди «Газета.uz»га ЖССТ ваколатхонаси матбуот хизмати.

Дунёда хавфли касалликларнинг тарқалиш хавфи ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. COVID-19 фавқулодда вазиятларга, хусусан, пандемияга тайёр бўлиш қанчалик муҳимлигини кўрсатди, деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев пойтахтда бўлиб ўтган йиғилишда.

«Биз Халқаро тиббий-санитария қоидаларини амалга ошириш йўлидан бормоқдамиз. Биз бу баҳолашни узоқ кутдик, буни хоҳлагандик ва баҳолаш натижалари бўйича олинадиган тавсиялар фавқулодда вазиятларга тайёрланиш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга имкон беради деб умид қиламиз», — деди у.

Йиғилишда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана, ЖССТ ваколатхонаси раҳбари доктор Лиан Куппенс, Олий Мажлис Сенати, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Халқаро тиббий-санитария қоидалари 2005 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 58-сессиясида қабул қилинган. Уларнинг қўлланилиш соҳаси ва мақсади касалликларнинг халқаро миқёсда тарқалишининг олдини олиш, улардан ҳимоялаш, уларга қарши курашиш ва аҳоли соғлиғини сақлаш учун хавфларга мос келадиган ҳамда халқаро саёҳат ва савдо-сотиққа ҳалақит қилмайдиган жамоат соғлиғини сақлаш бўйича чоралар кўришдан иборатдир.

IHR маълум касалликлар билан чекланиб қолмай, балки янги ва доимий ўзгариб турадиган жамоат саломатлиги хавфларига нисбатан қўлланилиб, улар узоқ муддат давомида касалликнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига халқаро жавобларга мос келадиган тарзда ишлаб чиқилган. IHR, шунингдек, халқаро саёҳат ва транспортда, аэропортлар, портлар ва ер усти ўтиш жойларида соғлиқни сақлашда ишлатиладиган муҳим соғлиқни сақлаш ҳужжатлари учун ҳуқуқий асос яратади.

ЖССТ ваколатхонаси қайд этганидек, баҳолаш 19 та техник йўналишда амалга оширилади, жумладан:

  • норматив-ҳуқуқий асос, сиёсат ва молиялаштириш;
  • биологик хавфсизлик ва био ҳимояланганлик;
  • миллий лаборатория хизматлари;
  • зооноз касалликлари;
  • кириш пунктлари, озиқ-овқат хавфсизлиги;
  • иммунизация;
  • ходимлар малакасини ошириш, эпид назорат ва маълумотларни тақдим этиш, тиббий жавоб ускуналари ва ходимларни юбориш ва олиш/қабул қилиш;
  • фавқулодда вазиятларга тайёргарликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш операциялари;
  • соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик органлари ўртасидаги алоқани таъминлаш, хавфлар ҳақида хабардор қилиш;
  • радиациявий хавфсизлик, кимёвий хавфсизлик;
  • IHR фаолияти ва антимикробиял препаратларга чидамлилик, алоқа ва тарғибот ишларини олиш боришни мувофиқлаштириш.

Қўшма баҳолаш ҳафта охиригача давом этади. Мутахассислар тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда жойларда бўлиб, мамлакат фавқулодда вазиятларга қай даражада тайёрлиги, қайси йўналишларни ривожлантириш ва кучайтириш зарурлиги билан танишади.