Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига нисбатан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 178 та лаборатория бир корхонага бериб юборилаётгани тўғрисида ўз вақтида маълумот бермаганлиги учун маъмурий иш очилди. Бу ҳақда 16 май куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Фаррух Қорабоев маълум қилди.

Гап Intermed Innovation хусусий компанияси ҳақида кетмоқда, у Марказлаштирилган клиника-диагностика лабораториясини яратиш лойиҳасининг оператори этиб белгиланганди. «Газета.uz» ССВ билан тузилган консессия шартномаси доирасида компания лабораториялар ташкил етиш учун Тошкент шаҳри ва вилоятдаги 178 поликлиникада жойларни қўлга киритгани ҳақида ёзганди. Бошқа хусусий лабораториялар соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қонунга зид эканлиги ва Intermed бозорда устун мавқега эга бўлганини таъкидлади.

Intermed Innovation ССВ билан амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасидаги монополияга оид айбловларга жавоб бериб, лойиҳанинг моҳияти ва Тошкент Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг давлат хизматчилари ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига тўхталиб ўтганди.

МҚКҚ раҳбари ўринбосари бир қанча компаниялар мазкур шартнома хусусида шикоят билан мурожаат қилганини қайд этди. Қўмита ССВдан маълумот сўради, бироқ вазирлик ахборотни ўз вақтида тақдим этмади.

Шунинг учун «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан (Монополияга қарши органга ахборот тақдим этиш) маъмурий иш очилди. «Агар шу ҳафта берилмаса тегишли тартибда маъмурий жавобгарлик бўйича чоралар кўрилади», — деди у.

Фаррух Карабаевнинг аниқлик киритишича, гап давлат-хусусий шериклик лойиҳаси ва консессия асосида тузилган битим ҳақида кетмоқда.

Монополияга қарши қўмита танлов ўтказиш ёки лойиҳани тўғридан-тўғри бозор шартларига мувофиқ бериш тўғрисидаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, ўз хулосасини беради.

«Монополияга қарши текширув ёки ўрганиш вақт талаб қиладиган масала. Чунки тегишли маъмурий тартиб-тамойиллар бор, биз бундан чиқа олмаймиз. Бугунги кунда бу давлат сиёсати даражасига чиққан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига меъёридан ошиқча тартибда аралашиш қонун жиҳатидан йўл қўйилмайди. Шунинг учун биз муайян бюрократия шартларига амал қилишимиз керак. Бу вақт талаб қилади. Қўмита 2 ой мобайнида ҳеч нарса қилмади дегани эмас. Биз бу бўйича шуғулланаяпмиз. Лекин маълум бир қийинчиликлар туғилаяпти, албатта бу ҳар қандай текширувда бўлади», — деди у.

Қўмита раҳбари ўринбосари жиноят ҳолатларини тасдиқлаш учун тегишли ҳужжатларни текшириш кераклигини, бироқ, шу кунгача улар тақдим этилмаганини таъкидлади.

«Агар аломатлари аниқланса, «Рақобат тўғрисида»ги қонунга асосан биз тегишли чораларни кўрамиз ва рақобат шартларини таъминлаймиз», — деди Фаррух Карабаев.