Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида Янги йилни нишонлаш учун «ўт ўчириш» мосламаси портлатилгани бўйича 13 кишига айблов эълон қилинганини маълум қилди.

1 январь куни тунги соат 00.45 ларда пойтахтдаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида бир қанча фуқаро автойўлни ажратиб турувчи тўсиқда қўлбола усулда ясалган «ўт ўчириш» мосламасини портлатган ва бу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Шундан сўнг ҳолат юзасидан мосламани тайёрлаган ҳамда уни ёққан шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилганди.

Терговга жалб этилганларнинг маълум қилишича, Янгийўл туманининг айрим маҳалларида янги йил арафасида қўлбола усулда пиротехника воситаларини тайёрлаш ва сотиш авж олади. Аввалги йилларда ҳам бундай портлашлар видеоси интернетда тарқалган ва буни кўрган пойтахтда яшовчи йигит ана шундай воситани буюртма қилган.

«Янгийўллик болалар „Огнетушител“ ясагани ҳақида мен видео кўрган эдим. Буни менга оғайним айтган. Мен уни текин деб ўйлаган эдим. Лекин, у пулли экан. Шундан сўнг, мажбур бўлдим пул беришга. Аслида 500 минг сўм беришимиз керак эди, лекин, 470 минг сўм берганмиз», — деган буюртмачи.

Маълум бўлишича, уни тайёрлаш учун енгил кимёвий моддалар ва автомобилларнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланилган. Бу усулни бир неча йилдан бери қўллаб келган трактор ҳайдовчиси ёшларга уни қандай тайёрлашни ўргатган.

«Ака, 80 минг сўм бераман, дея пул таклиф қилди. Қўявер, олиб кетавер, десам ҳам, пул ташлаб кетган экан», — дея таъкидлаган трактор ҳайдовчиси.

Сўнг уни ўрганган боладан қўшниси, шунингдек, курсдоши ундан ясаб беришини сўраган ва эвазига 470 минг сўм пул олган.

«Огнетушител» Самарқанд дарвоза савдо мажмуаси яқинига олиб борилган ва тротуарга қўйилган. Уни ёққан бола воситанинг 15 секунддан сўнг ёнганини айтган. У мазкур воқеанинг қолган тафсилотларини, хусусан 2 бола жароҳатланганини уйга кетгандан сўнг, телефонига келган видеолардан билганини айтган.

Маълумотларга кўра, ўша кунда шаҳар шифохонасига 3 киши ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Шифокор эса байрам арафасида бундай ҳолатлар кўп учрашини таъкидлаган. Шунингдек, портлашдан жароҳат олган беморларнинг барчаси мактаб ўқувчилари экани айтилган. Уларнинг 2 нафари уйда даволанаётган бўлса, яна бири ҳалигача шифохонада даволаняпти.

Тергов давомида ҳодисага алоқадор бўлган 13 кишига айблов эълон қилинган. Уларга нисбатан ЖПКнинг 221-моддаси билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Уларнинг 5 нафари қамоққа олинган, яна 5 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ катта терговчисининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 250-моддаси 2-қисми «б» банди (gортлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга кўра, айбдор шахслар 3−5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.