1 январь куни тунги соат 00.45 ларда пойтахтдаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида Янги йилни нишонлаш учун бир қанча фуқаро автойўлни ажратиб турувчи тўсиққа мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган «ўт ўчириш» мосламасини ёқишган. Бунинг оқибатида мослама портлаган. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, мушакбозликни телефони камерасига тасвирга олаётган фуқаролар, 1997 йилда туғилган М.С. (ташхис: қорин юмшоқ тўқималари лат ейиши), 1999 йилда туғилган М.А. (ташхис: ўнг оёқ болдир, товон соҳалари йиртилган жароҳати) ҳамда 2006 йилда туғилган Х.Н. (ташхис: ўнг оёқ панжа қисми йиртилган, мажақланган жароҳати, оёқ бармоқлари нотўлиқ ампутацияси) турли кўринишдаги жароҳат олган.

Ҳозирда, ҳолат юзасидан мосламани тайёрлаган ҳамда уни ёққан шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда пиротехника буюмларини сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланганига қарамасдан, Тошкентда эрта тонгача мушакбозликлар давом этди.