Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жуалин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар берди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон президентининг тезкор топшириқларига асосан Ҳукумат қарори билан ФВВ Азизбек Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб борди.


Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан ҳамкорликда ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилди. Жабрланганлар соат 23:40 да Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси «Ғишткўприк» божхона масканига етиб келди.

«Дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди», — дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 2 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили — Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.


Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилди, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилди.

Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.

Аввалроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистон автобуси салонида 53 нафар йўловчи бўлган, ТИВ маълумотига кўра шундан 47 нафари ўзбекистонликларни ташкил қилган. Авария оқибатида ҳайдовчи ёрдамчиси ва бир нафар йўловчи вафот этган. Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши натижасида автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.