Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов топшириғига кўра Қозоғистонда автобус аварияга учраши оқибатида жабрланган ўзбекистонликларга ёрдам бериш учун махсус ишчи гуруҳ юборилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ва бошқа идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Азизбек Латифжонов бошчилик қилмоқда.

Улар йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатади ва уларни эвакуация қилиш чораларини кўради. Бундан ташқари, ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади.

Эслатиб ўтамиз, Жамбил вилоятида содир бўлган авария оқибатида 47 нафар ўзбекистонлик тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани, улардан 18 нафари шифохонага ётқизилгани, икки киши эса ҳалок бўлгани ҳақида ёзгандик.