Кеча, 12 май куни соат тахминан 15:50 да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳудудидан ўтган «Олмаота-Тошкент» автомобиль йўлининг 571-километрида ичида 53 нафар йўловчи бўлган автобус ағдарилиб кетди. Оқибатда ҳайдовчи ёрдамчиси ва бир нафар йўловчи вафот этди. Бу ҳақда «Казинформ» агентлиги хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши оқибатида автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, ЙТҲ оқибатида автобус ҳайдовчисининг ёрдамчиси ва бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган, 16 нафар фуқаро Жуалин тумани тез тиббий ёрдам бўлимида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси қошида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Дипломатлар воқеа жойига етиб бордилар.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Марҳумларнинг жасадларини ватанга олиб келиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилмоқда», — дейилади баёнотда.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Фуқароларга Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонасига (тел.: +77779504422, +77779504433) ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.