24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов хорижий IT-компаниялар учун яратилаётган имконият ва истиқболлар тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон инсон капитали кўринишидаги қимматли бойликка эга».

Айни пайтда Ўзбекистонда 35 млн кишидан ортиқ, шундан 18 млни (60 фоиздан кўпроғи) 30 ёшгача бўлганларни ташкил этади. Дастлабки прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 40 млн кишига етади, бу тенденция давом этса, уларнинг 24 млн нафари ёшлардан иборат бўлади.

«Бу аҳолининг кўпчилиги меҳнатга лаёқатли ёшда бўлган демографик дивиденд босқичи деб аталади. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли аҳоли саводли ва камида иккита чет тилини (инглиз ва рус) билади», — дейилади хабарда.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати.

«Бугунги кунда ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2000 йилларда Ўзбекистонда юзга яқин IT-мутахассис бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 мингга етди. 2030 йилга бориб уларнинг сонини бир миллион кишига етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйилди».- деди Шерзод Шерматов.

Таъкидланишича, 2021 йил якунига кўра, IT-экспорт ҳажми 46 млн долларга етди, бу 2020 йилга нисбатан (16 млн доллар) икки баравар кўпдир. Жорий йил охиригача бу кўрсаткич 100 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда.

2028 йил охиригача эса экспорт ҳажми 1 млрд долларга етказиш режалаштирилган. Асосий IT экспорт бозорлари: АҚШ (83,3 фоиз), Буюк Британия (5,2 фоиз), Россия (3,2 фоиз), Корея Республикаси (2,1 фоиз) ва БАА (1,1 фоиз) ҳисобланади.

Ўзбекистондаги IT-компанияларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилади. Хусусан, IT-парк резидентлари ҳисобланган IT-компаниялар 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган. IT-компаниялар экспорт фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига ҳам эга.

IT-парк резидентлари қаерда жойлашган бўлишидан қатъи назар, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин. Шунингдек, ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинган.

«Хорижий ИТ-компаниялар ва IT-мутахассислари учун янада катта қулайликлар яратиш мақсадида „IT-visaбериш тартиби тасдиқланди. „IT-visa“ олиш учун минимал миқдордаги ҳужжатлар талаб қилинади ва бу жараён 3 кун давом этади. Ўзбекистонга кўчиб ўтмоқчи бўлган IT-компаниялар ҳам зарур инфратузилма билан таъминланади», — дейилади хабарда.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги қулай географик ўрни, бу туфайли республика Марказий Осиёдаги боғловчи IT хабга айланиши мумкинлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Хусусий IT сектори жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бугунги кунда IT-парк 500 дан ортиқ резидентларга эга, уларнинг 15 фоизи йирик глобал ва маҳаллий компаниялардир. 2025 йилга келиб йирик ва ўрта IT-компанияларни фаол жалб қилган ҳолда резидентлар сонини минг нафарга етказиш режалаштирилган.

«IT-таълим мутахассисларни тайёрлаш — бозор ўсиши ва фаровонлик учун етарли ишчи кучи билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Шу боис Ўзбекистон таълимга, айниқса, IT-таълимга катта куч сарфламоқда. Сифатли таълимсиз белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиб бўлмайди», — деди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Соҳа раҳбари ўз нутқида БПО ва КПО хизматларини ривожлантириш каби муҳим йўналишга ҳам тўхталди. Шу нуқтаи назардан, IT-парк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган хорижий БПО компаниялари ўзларига тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланишлари ва Ўзбекистондан IT-мутахассисларини рақобатбардош шартларда жалб этишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда ўз бизнесларини кенгайтириш учун офис хоналари ва жиҳозлар, камида олти ойлик ижара ҳақи, коммунал хизматлар, интернетга уланиш харажатлари кўринишида инвестициялар билан таъминланиши мумкин. БПО компаниялари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослашган БПО мактаблари ҳам яратилмоқда.

Якунда вазир Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган барча инвесторлар ва хорижий ИТ-компанияларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.