10 май куни соат 16:00 лар атрофида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг тоғли ҳудудида кучли ёмғир натижасида Зохона қишлоғида сел юзага келди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса оқибатида Узун туман «Хурсан» маҳалласида яшовчи фуқаро ва унинг чорва моллари уларни боқиб юрган вақтида селда оқиб кетди. У табиий офатдан қутилиб қолган. Шунингдек, ўзининг Nexia автомашинасида бўлган Узун тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи икки нафар фуқарони ҳам сел оқимлари оқизиб кетган.

Воқеа жойига вилоят ҳокими бошчилигида ФВБ раҳбарияти, қутқарувчилар, Миллий гвардия, ИИБ, прокуратура ва тегишли хизматлар жалб этилган.

70 нафар маҳаллий аҳоли билан биргаликда қидирув-қутқарув ва сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.