Қашқадарё вилоятининг 2 туманида мактаб ўқувчи қизлари ўзини осиб, жонига қасд қилди.

5 май куни Қамаши туманининг 16-мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди, дея хабар бермоқда «Nasafnews» нашри.

Келтирилишича, мактабнинг 9-Д синф ўқувчиси 16 ёшли Э.Қ.(қиз бола) дарсдан сўнг уйига бориб, ўз жонига қасд қилган ва вафот этган.

Воқеадан аввал ўқитувчилардан бири уни телефондан фойдалангани учун тергаган ва дарс вақтида телефон ишлатиш мумкин эмаслигини айтган, дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, қиз Роҳат кўчасидаги яшаш хонадони молхонасининг том қисмига арқондан сиртмоқ ясаб, бўйин қисмидан ўзини ўзи осган. Текшириш доирасида мутасадди идоралар (мактаб, ИИБ ва МФЙ) ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 35-умумий ўрта таълим мактабининг 7-Б синф ўқувчиси ҳам 6 май куни кечки соат 23:00 лар атрофида ўзини осиб, вафот этди.

Унинг нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани ҳақида маълумот йўқ. Ҳозирда Қарши шаҳар прокуратураси текширув ўтказмоқда.

Аввал ҳам Қашқадарёда 10-синф ўқувчиси руҳиятидаги ўзгаришлар туфайли ўзини осиб қўйганди. Қолаверса, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам 17 ёшли ўқувчи қиз ўз уйида осилган ҳолатда топилганди.